Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда илк бор бепул оксигенаторлар берилди

Самарқандда туғма юрак етишмовчилиги хасталиги билан касалланган кам таъминланган оила фарзандлари учун жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Friedensdorf International халқаро ташкилоти «Соғлом авлод учун» жамғармаси вилоят бўлимига ҳар бири 5 миллион сўм турадиган 28 дона оксигенаторларни бепул туҳфа этди.

Бугун беғараз ёрдам туфайли 4 нафар боланинг юраги соғлом урмоқда.

Болаларда туғма юрак етишмовчилиги операцияси вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида ўтказилади.

- 2018 йил апрелда биз илк бор болаларда ушбу хасталик бўйича жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказдик, - дейди кардиожарроҳлик бўлими раҳбари Мақсуд Саидов. – Бу операцияда асосий маблағ оксигенатор-сунъий қон айланиш аппарати учун сарфланади.

Бугунги кунда вилоятимизда 3 ярим мингдан ортиқ болага туғма юрак етишмовчилиги ташхиси қуйилган. Яқин йилларда ҳам бу операцияни фақат хорижда қилиш имконияти мавжуд эди. Бу қиммат жарроҳлик амалиёти ҳисобланиб, Ҳиндистонда 8-12 минг доллар, АҚШ, Россия, Германия ва Италияда 7 минг доллардан юқори туради. Шунинг учун бундай мураккаб жарроҳлик амалиётининг Самарқандда ҳам ўтказилиши бу хасталик билан оғриган болалар ўсаётган оилалар учун катта қулайлик яратди.

Замира БОЛТАЕВА.