Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда “Зил” билан одам уриб юборган фуқарога қандай жазо тайинланди?

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят Жомбой тумани судининг сайёр суд мажлиси Жомбой туман Деҳқонобод маҳалла фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтди.

Очиқ суд мажлисида 1987 йилда Самарқанд туманида туғилган якка тартибдаги тадбиркор Ш.Туксановга нисбатан очилган жиноят иши кўриб чиқилди.

Аниқланишича, Ш.Туксанов 2019 йил 2 июль куни соат 01:15 ларда Жиззах вилоятидан сомон сотиб олиш учун йўлга чиққан. Шу мақсадда “Зил 130” русумли юк автомашинасида Жомбой тумани Қорамўйин маҳалласидан ўтаётган вақти автомашинани тўхтатиб қолишнинг техник имкониятига эга бўлсада, бепарволиги оқибатида йўл кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.

Шундан сўнг дарҳол автомашинасини йўлнинг чеккасига олиб, ҳушсиз ётган 1987 йилда туғилган А.Ф.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, йўловчи автомашинада Жомбой тумани марказий шифохонасига юборган. Шифохонада аҳволи оғир бўлганлиги учун А.Ф. жонлантириш бўлимига ётқизилган. Зарур тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай жабрланувчи олтинчи куни оламдан ўтган.

Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбланиб, (жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олинди), ЖКнинг 45, 57-моддалари қўлланилиб, 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Шунингдек, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Яъни, Ш.Туксановга яшаш жойидан кечқурун соат 22:00дан эрталаб соат 06:00га қадар чиқиш чекланди. Унга транспорт воситасини бошқармаслик, озодликни чеклаш давомида муайян жойларга, яъни (кафе, бар, ресторанларга) бормаслик, уни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ва яшаб турган вилоят ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, алоқа воситаларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланмаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик каби қўшимча тақиқлар юкланди.

М.ШЕРЙИГИТОВ,

жиноят ишлари буйича Жомбой туман судининг раиси.