«UzAutoTRAILER» корхонасида маҳаллий тадбиркорлар томонидан тайёрланган хомашёлардан фойдаланилади
Жомбой туманида фаолият юртиаётган «UzAutoTRAILER» МЧЖ компанияси бугунги кунда тиркама ва ярим тиркама техника, осма техника, КАМАЗ оғир юк машиналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Завод фаолияти билан яқиндан танишиш ҳамда божхона соҳаси билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш мақсадида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев корхонада бўлди.
Заводнинг умумий ишлаб чиқариш майдони 4,49 минг квадрат метр бўлиб, корхонада 460 нафар малакали ходим ишлайди. Ҳозирда завод йилига 3000 та оғир юк машиналари ишлаб чиқариш қувватига эга.
Таҳлилларга эътибор қаратилса, 2020 йилда корхонанинг экспорт ҳажми 875 минг долларни, товар айланмаси ҳажми 393 миллиард сўмни ҳамда ишлаб чиқариш ҳажми 464 миллиард сўмни ташкил этди.
Учрашувда ишлаб чиқариш жараёнида импортнинг ўрнини босувчи, маҳаллий тадбиркорлар томонидан тайёрланган хом-ашёлардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Жомбой туманида фаолият юритаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай шароитлар яратиш, товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнининг ўртача вақтини қисқартириш мақсадида 2018 йилда “Улуғбек” ТИФ божхона пости таркибида “Зарафшон” ва “Жомбой” темир йўл станциялари ҳудудида божхона пунктлари ташкил этилган эди.
Ҳозирда мазкур божхона пунктида корхоналарнинг экспорт-импорт операциялари соддалаштирилган божхона расмийлаштирувидан ўтказиб келинмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.