Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги 43 қишлоқда алоқа яхши эмас. Ёки 2019 йилда вилоятда интернет тезлиги нечоғлик ошади?

Интернет тезлигини ошириш имкони борми? Бунинг учун истеъмолчидан, асосийси интернет провайдерлардан нима талаб этилади? Вилоятда алоқа хизмати йўлга қўйилмаган қишлоқларда қачон ўзгариш бўлади? Самарқанд вилоятида бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Шу  саволларга жавоб топиш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбари Нодир ЭШНАЗАРОВ билан суҳбатлашдик.

- Вилоятда интернетдан фойдаланувчилар сони ҳақида маълумот берсангиз?

- Айни пайтда вилоят миқёсида 706 минг аҳоли мобиль алоқа, 50 мингга яқини эса симли тармоқлар орқали интернетга уланган.

- Интернетдан фойдаланувчилар яхши билишади, оптик толага ўтмас экан, интернет тезлиги пастлигича қолаверади. Оптик толали интернет тезлиги бугунги кун бу талабларига жавоб берадими?

- Вилоят миқёсида ҳозиргача 2100 километр оптик тола ўтказилган. Ўтган йили 240 км узунликдаги кабель ётқизилган бўлса, 2019 йилда бунданда кўпроқ оптик толали алоқа кабели ётқизиш режалаштирилмоқда. Ҳақиқатан ҳам интернет тезлиги оптик толали кабелда анча яхшироқ. Агар рақамларда ифодалайдиган бўлсак, мис кабель орқали уланган интернет тезлиги 8 Мбит/с ни ташкил қилса, оптик толали кабель орқали интернетга уланган абонент учун ўтказувчанлик тезлиги 100 Мбит/с ни ташкил қилади. Ўртадаги фарқ нечоғлик эканини тушунгандирсиз. Бу йил давомида “Ўзбектелеком” АК магистрал телекоммуникация тармоғи ўтказувчанлигини вилоят марказида 40 Гбит/с дан 100 Гбит/сгача, туман марказларида

1 Гбит/сдан 10 Гбит/с гача ошириш режалаштирилган. Аммо шундай бўлса-да, бу миқдордан тўлалигича фойдаланиш имкони йўқ.

Ўтган йил давомида ахборот-коммуникация соҳасида хизмат кўрсатиш тизимида 40 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, бу йил 79,9 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиши режалаштирилган.

- Демак, жорий йилда самарқандликлар вилоятда интернет тезлиги янаям яхшиланишидан умид қилса бўлади, тўғрими?

- Қайсидир маънода шундай. Бундай дейишимга сабаб, тезлик юқорида таъкидлаганимдай, қатор техник имкониятларга боғлиқ. Хусусан, оператор ва провайдер қурилмалари, кабель, мобиль алоқалар учун база станцияларининг миқдори, қамров қопламалари каби жиҳатларларга боғлиқ. Интернет тезлигининг яхшиланиши учун йилдан-йилга замонавий қурилмалар ўрнатилиши лозим. 2019 йил давомида вилоят бўйича 200 дан ортиқ база станцияларини қуриш режалаштирилган.

- Туманларда яшовчи  аҳоли интернет тезлиги пастлигидан шикоят қилади...

- Интернетдан фойдаланувчилар сони нафақат шаҳар марказлари, балки туманларда ҳам ошиб бормоқда. Табиийки, абонент сонининг ошиши маълум миқдорда интернет тезлигига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Юқорида таъкидлаганимдай, бунинг учун янги база станцияларини қуриш, интернет провайдерлар ҳам ўз технологияларини шунга мутаносиб тарзида янгилаб бориши талаб этилади.

Эътибор беринг, бундан 5-6 йил аввал 2G мобиль алоқа қамровининг ўзи абонентлар учун етарли эди. Аммо бугун интернет саҳифаларида ранг-баранглик, турли иловалардан фойдаланиш тобора оммалашмоқда. Илгарилари матн вариантидаги сайтлар бугун интернет фойдаланувчилари учун аудио, видео юкламаларни ҳам намойиш этмоқда. Деярли ҳар бир сайтда бундай ҳолатни кузатиш мумкин. Табиийки, бу жараёнлар эндиликда нафақат 2G, балки 3G мобиль алоқа қамровлари ҳам етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Шунинг учун жорий йилда аҳолига кенг полосали интернет тармоқларига уланиш хизматларини кенгайтириш ҳамда мобиль алоқа қамровини, 4G тармоғини кенгайтириш белгиланган.

- Аммо жойларда оддий сўзлашув алоқасининг яхши эмаслигидан шикоят қилаётганлар ҳам кўп.

- Самарқанд вилоятидаги 43 қишлоқ аҳоли пунктларида алоқа яхши ишламайди. Бу борада ҳам аниқ ишлар олиб борилиши режалаштирилган. Хусусан, вилоят ҳудудида мобиль алоқа хизматлари сифатини яхшилаш ва қамров даражасини кенгайтириш мақсадида "Ўзмобайл" томонидан 35 та GSM, "Unitel" томонидан 64 та, "UMS" МЧЖ томонидан 50 та, "Coscom" МЧЖ томонидан 53 та база станцияларини ўрнатиш режалаштирилган. Сабаби, энг чекка ҳудудда яшовчи аҳоли ҳам ҳеч бўлмаганда тез ёрдамга қўнғироқ қилиш имконига эга бўлиши лозим.

Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.