Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги анжуман “Chinatourismnews”, “Global Times”, “People.com.”, “Xinhua News Аgensy”да ёритилмоқда

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Бутунжаҳон туристик шаҳарлар федерацияси (WTCF)нинг ташаббуси билан туризмни ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган «Бир макон - бир йўл» мавзусидаги Марказий Осиё минтақавий конференцияси ўз ишини бошлади.

Жаҳоннинг ва Хитойнинг “QYER”, “Company Limited”, “Utour”, “Caissa” каби сайёҳлик, “Tourizm Capital”, “Palminvestment Co.”,  “Shougang Concord International Enterprises Co.Ltd” каби инвестиция компаниялари, шунингдек, Пенанг (Малайзия), Тбилиси (Грузия), Гаага (Нидерландия), Танжинг Пандан (Индонезия) каби шаҳарлари вакиллари иштирок этаётган нуфузли анжуманнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Э.Турдимов, Хитойнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Чжан Вэньчуань, Бутунжаҳон туристик шаҳарлар федерацияси бош котиби ўринбосари Ли Баочуньлар сўзга чиқиб, бу каби анжуманлар Ўзбекистоннинг, хусусан, Самарқанднинг сайёҳлик салоҳиятини жаҳон майдонида кенг тарғиб этиш, бу соҳадаги етакчи шаҳарлар тажрибасидан фойдаланиш учун қўшимча имкониятлар яратиши ҳақида тўхталди.

- Самарқандда ташкилотимизга аъзо бўлганидан буён катта ўзгаришлар содир бўлганига гувоҳ бўлдик, - дейди Бутунжаҳон туристик шаҳарлар федерацияси экспертлар кенгаши аъзоси Дин Пэй И. – Қилинаётган саъй-ҳаракатлар натижасида нафақат қадимий осори-атиқалар асраб-авайланмоқда, балки турли хорижий мамлакатлар сайёҳларини ўзига жалб қилувчи янгидан-янги иншоотлар, сайёҳлик объектлари қад ростламоқда. Аслида асрлар оша бутун дунё халқларини ўзига жалб қилиб келган, Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган мазкур маскан Марказий Осиёнинг, жаҳоннинг энг тараққий этган сайёҳлик марказига айланишига ишонаман.

Маросимдан сўнг вилоят ҳокими ўринбосари Б.Нуруллаев конференция иштирокчиларига Самарқанд шаҳрининг сайёҳлик салоҳияти, халқаро инвестицияларни жалб қилиш ҳамда ривожлантириш истиқболларига доир лойиҳаларни тақдим этди.

Тадбир якунида сайёҳлик ва инвестициялар бўйича хитойлик ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасида B2B, G2B форматдаги учрашувлар ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, анжуман жараёнлари “Chinatourismnews”, “Global Times”, “People.com.”, “Xinhua News Аgensy” каби машҳур оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан бутун дунёга ёритиб борилмоқда.

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).