Самарқанддан Тожикистонга 10 миллион доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинди

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қўшни давлатлар билан барча соҳалардаги алоқалар ривожлантирилиб, ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.

Хусусан, қўшни Тожикистон Республикаси билан вилоятимиз ўртасида маданий-маърифий алоқалар билан бирга товар айланмаси ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Масалан, 2017 йилда вилоятимиз ва Тожикистон Республикаси ўртасида 10,5 миллион АҚШ долларилик маҳсулот алмашилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 11,5 миллион долларга етди. Ўтган йили қўшни давлатдан вилоятимизга 1 миллион 205 минг АҚШ долларилик маҳсулот импорт қилинган бўлса, вилоятимиз тадбиркорлари қўшни давлатга 10 миллион 203 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилди. Булар асосан қишлоқ хўжалиги, қуритилган ва қадоқланган мевалар, саноат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди.

Шунингдек, вилоятимизда Тожикистон Республикаси билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида "Агро чорку" масъулияти чекланган жамият шаклидаги ихтисослашмаган улгуржи савдо ва Ургут туманида дўконлар ва чакана савдо билан шуғулланувчи "Ҳожи Шариф Дўстлик" масъулияти чекланган жамияти фаолият юритмоқда. Йил сўнгига қадар Ургут туманида тожикистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда "Ург-Таж" қўшма корхонаси ишга туширилади. Қиймати 3 миллион долларлик лойиҳа доирасида полипропилен ип ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Паст Дарғом туманида жойлашган "Мараканд лед инвест" масъулияти чекланган жамияти ҳам маҳсулотлар экспортини кўпайтириш мақсадида Тожикистон билан ҳамкорликни йўлга қўйди.

- Жамиятимиз 2017 йилда ташкил этилган ва асосан лед лампочкалар, кабеллар, ёритгичлар каби 30 дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз, - дейди корхона ижрочи директори Фарҳод Ҳайдаров. - Республикамизнинг барча вилоятларида корхонамизнинг расмий дилерлари ишини ташкил этдик ва ҳар ойда ички бозорга 3-4 миллиард сўмлик сифатли маҳсулот чиқаряпмиз. Ўтган йилнинг сентябрь ойида вилоятимиз ишбилармонлари билан Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги кўргазмада бўлганимизда маҳсулотларимизни намо¬йиш этиб, ҳамкорлик борасида келишувга эришгандик. Шу келишув асосида 2019 йилнинг ўтган 5 ойида 100 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Йил охиригача маҳсулот турларини кўпайтириш ва экспорт ҳажмини янада оширишни режалаштиряпмиз.

Ўз мухбиримиз.