Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик тадбиркор норасмий фаолият юритаётган уй-меҳмонхоналардан норози ёки «бир кеча минг кеча эмаску», деб арзонига учаётганлар

Кейинги кунларда шаҳарларимизда маҳаллий сайёҳларнинг кўпаяётганини, айниқса, самарқандликлар яхши ҳис қилаётган бўлса керак. Табиийки, бу ҳолат туризм билан боғлиқ барча соҳаларда ўзгариш бўлишини тақозо қилади. Сабаби, сайёҳ кўпайгани сари хизмат кўрсатиш шохобчаларга эҳтиёж ҳам ортиб боради. Агар таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, бошқа вилоятлардан Самарқандга келган сайёҳ ўртача камида икки кун вақтини ушбу шаҳарда ўтказишни истайди. Айниқса, кичик гуруҳларда, 10 кишидан ошмаган жамоа билан келганлар. Оилавий келганлар ҳам худди шундай. Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақидан келиб чиқадиган бўлсак, улар учун Самарқанддаги йирик меҳмонхоналарда жойлашиш анча қимматлик қилади. Шунинг учун бўлса керак, «тадбиркорлар» бундай сайёҳлардан яхшигина даромад олишини англаб қолди. Ҳозир, айни саёҳатга қулай бўлган ойларда Самарқанддаги Регистон майдони атрофига чиқсангиз, бошқа вилоятдан келган маҳаллий аҳолига уй таклиф қилаётган шоввозларни учратасиз. Уларнинг аксарияти ўз хизматини расмийлаштирмаган. Ўтган йилдан бошлаб, хонадонлардан бирида уй-меҳмонхона ташкил қилган тадбиркор бу ҳолатдан норозилигини билдириб, таҳририятга мурожаат қилди.

- Берилган имкониятлардан фойдаланиб, ўтган йили уй-меҳмонхона ташкил қилдим, - дейди Нодир Холиқулов. – Табиийки, расман рўйхатдан ўтганимдан сўнг солиқ тўлайман, коммунал тўловларим ҳам оддий тўловлардан фарқ қилади. Аммо атрофимдаги ўнлаб уйлар ҳам шу хизматни норасмий тарзда бажармоқда. Табиийки, у таклиф этаётган нарх меникида анча арзон бўлади. Дейлик, бир кунга бир меҳмонга жой беришни мен 30 минг сўм деб белгиласам, норасмий фаолият юритувчилар 10 минг сўмга ҳам рози бўлиб, сайёҳларни жалб қилади. Бошқа вилоятдан келиб, Самарқандни томоша қилсак бўлди-да, бир кеча минг кеча эмаску, дея бунга рози бўлаётганлар ҳам кўп. Хўш, энди айтинг, менга ўхшаб, расман рўйхатдан ўтиб, фаолият юритаётган тадбиркорлар бу ҳолатни кўриб, ноқонуний ишлаганим яхшироқку, деган фикрга бормайдими?

Маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатиш, яъни уларга самарқандликлар томонидан ётоқ жойлар таклиф қилиш авж олмоқда. Аммо меҳмоннинг хавфсизлигини ким таъминлайди? Қолаверса, ўша ерда яшовчи кишиларнинг мақсад-муддаоларини ҳам билиш мушкул. Норасмий уй-меҳмонхоналарга, аввало, аҳолининг ўзи жойлашаётгани масалани муракаблаштирса-да, аммо бу масалада жиддий чоралар олиб бориш лозим, назаримизда.