Daniel Hill Hotel” меҳмонхонаси Ўзбекистонга чет элдан келаётган ватандошларимизни карантинда сақлашга ёрдам беради
Тошкент шаҳрида жойлашган “Daniel Hill Hotel” меҳмонхонаси маъмурияти Ўзбекистон ҳудудига чет элдан келаётган ватандошларимизни карантинда сақлаш учун ёрдам беришга шай эканини маълум қилди.
Меҳмонхона 350 киши учун (150 хона) мўлжалланган бўлиб, унда карантин шароитидаги юртдошларимиз 3 маҳал таом билан сийланади.
“Daniel Hill Hotel” меҳмонхонаси маъмурияти мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазиятни инобатга олиб, чет эллик инвесторлар билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёрдам бериш ва хизмат қилиш учун тайёр.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакат учун шундай мураккаб даврда аҳоли саломатлигини сақлаш йўлидаги беғараз ёрдамини аямаётган “Daniel Hill Hotel” меҳмонхонаси маъмуриятига самимий миннатдорчилигини билдиради ҳамда соҳа вакилларини коронавирус тарқалишига қарши курашда жипслашишга чорлайди.