Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сайловга жалб қилинган ходимларга ҳақ тўланадими?

Сайлов комиссияси аъзолари бажарган ишлари учун маош оладими ёки йўқми? Бу борада сўнгги вақтларда бўлаётган кўплаб саволларни инобатга олиб, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев масалага аниқлик киритди.

Унга кўра, жорий йил бўлиб ўтадиган сайлов кампаниясида сайлов комиссиялари фаолиятига жалб этиладиган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масалалари аввалги йиллардаги сайловлардаги амалиётдан келиб чиқиб, янгича ёндашган тарзда ташкиллаштирилмоқда.

Бу нималарда ўз аксини топади?

Биринчидан, асосий иш жойига эга бўлган ва комиссия фаолиятига жалб этилган фуқароларимиз ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан тўлиқ ёки қисман озод қилинади ва уларнинг асосий иш жойларида иш ҳақлари тўлиқ сақланган ҳолда сайлов ишларига жалб этилади. Булар кимлар? Уларнинг қарийб 71 фоизи давлат идоралари ва муассасалари ходимлари, шу жумладан, халқ таълими ходимларидир (47,3 %).

Иккинчидан, (бу аввалги сайловларда кузатилмаган амалиёт) асосий иш жойига эга бўлган ҳолда комиссия фаолиятига жалб этилган фуқароларимизга асосий ойликларидан ташқари, транспорт ва бошқа харажатлар учун комиссия раисларига 500 минг сўмдан, бошқа аъзоларга 250 минг сўмдан (бу солиқ чегирилгандан кейин қўлга тегадиган миқдор) компенсация тўланиши белгиланди.

Эътибор беринг: жорий йилги сайлов кампанияси учун 230 миллиард сўм ажратилган бўлса, шундан 70,6 миллиард сўми, яъни 30,6 фоизи айнан юқоридаги қарийб 170 минг нафардан ортиқ жалб қилинган комиссия аъзоларига қўшимча компенсация тўловлари учун сарфланиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, комиссиялар фаолиятига қарийб 8 фоизга яқин вақтинча ишсиз бўлган ва нафақадаги фуқароларимиз ҳам жалб этилган бўлиб, улардан раис лавозимига жалб этилганларга 9 разряд бўйича 1,5 миллион сўм миқдорида, раис ўринбосарларига 8 разряд бўйича 1,4 миллион сўм миқдорда ва аъзоларга 4 разряд бўйича 1 миллион сўм миқдорда бир марталик иш ҳақи тўловлари амалга оширилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги ПҚ-4004-сон қарорига мувофиқ иш берувчиларга сайловларни ўтказиш даврида жамоатчилик асосида ишлаб келаётган туман ва шаҳар сайлов комиссиялари раиси, унинг ўринбосари ёки котибларига юқори турувчи комиссияларнинг тавсияларига кўра, ойлик маошига асосий иш жойи моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан 50 фоиз миқдорида устама белгиланиши тавсия этилган.