Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Титаник”, “Британик” ва “Олимпик” ҳалокатларидан омон қолган аёл

Вайлет 1887 йилда Ирландияда, аргентиналик муҳожирлар оиласида туғилган. У ёшлигида сил касаллигига чалинган, шифокорлар у бир неча ойдан кўп яшамаслигини айтишган. Бироқ Вайлет кассаликдан даволаниб ҳеч нарса кўрмагандай яшаб кетди.

Отаси вафот этгач, оила Англияга кўчиб ўтди. У ерда Вайлет қизлар мактабида ўқирди, онаси эса кемада стюардесса бўлиб ишларди. Онаси касал бўлганида, укалари ва сингилларини боқиш учун Вайлет онасининг ўрнига кемада ишлашни бошлайди.

Ўша пайтда у 21 ёшда эди. ХХ асрнинг бошида бортпроводникликка ўрта ёшли кишилар ишга олинарди. Ҳамма унинг ёшлиги йўловчилар ва экипаж учун муаммо туғдиришини таъкидларди.

Вайлет катта ёшдаги аёлларга тегишли кийимларни кийиб, уларга хос бўянишларни амалга оширди. Шундай қилиб у 1908 йилда “Ориноко” бортига чиқишга муваффақ бўлади ва кўп ўтмай «Уайт Стар ЛАЙН» компаниясига ишга қабул қилиниб, аввал “Мажестик”, кейинчалик “Олимпик” лайнерларида ишлайди.

1911 йилда “Олимпик” “Ястреб” кемаси билан тўқнашади. Икки кема ҳам жиддий шикастланади. “Олимпик”да катта тешик ҳосил бўлиб, мўъжиза туфайли у чўкмай қолди. Кема шатакка олинди ва Вайлет Джесапп қаттиқ шикастланган лайнердан қирғоққа соппа-соғ тушади.

Бир неча йил ўтиб, “Уайт Стар ЛАЙН” “Титаник” борти меҳмонлари учун ёрдамчи ходимларни излай бошлайди. Вайлет бошида иккиланди, кейинчалик қариндошлари ва дўстлари уни бу кемада муносиб пул ишлаб олишига ишонтиришди.

Барчага маълумки, “Титаник” музтоғ билан тўқнашган ва Атлантика океанининг совуқ сувларига чўккан. Ушбу офат туфайли унинг 1500 дан ортиқ йўловчилари ва ходимлари ҳалок бўлади. Аммо Вайлет қутқариш қайиғига тушишга муваффақ бўлиб, яна ўз ҳаётини сақлаб қолади.

Шунга ҳам қарамай, у Биринчи жаҳон уруши бошланишидан сал олдин Эгей денгизи бўйлаб юрадиган “Британик” кемасида ҳамшира бўлиб ишлашга қарор қилади.

“Британик” сувости минасига урилиб жиддий зарар кўрди ва тез чўкишни бошлади. Кема шунчалик тез чўкардики, Вайлетнинг қутқарувчи шлюпкага ўтиришга ҳам имкони қолмади. У ўзини борт ортига, сувга ташлаб юборди ва жон сақлади.

Ҳатто бу ҳам Вайлетнинг денгиз бўйлаб юришидан қайтармади. Урушдан сўнг кемалар тобора оммалашиб бораётган транспорт турига айланди ва саёҳатчиларни айлантирадиган круиз кемалари пайдо бўла бошлади. Вайлет “Уайт Стар ЛАЙН”ни тарк этиб, “РЭД Стар ЛАЙН”га ишга ўтади ва бир неча йиллар давомида бутун дунёни кезади. Флотда у 1961 йилгача ишлайди.

Вайлет Жесапп 1971 йилда 84 ёшида вафот этди. Умрининг қолган қисмини у уйда, ўз боғи ва товуқларига бағишлади.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.