Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургут тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ таътилидан қайтган ҳамширани ишга қабул қилмади

Ургут тумани адлия бўлимига Қайроқли маҳалласида яшовчи Н.Ўринова 2017 йил март ойигача қишлоқ врачлик пунктида ишлаб келгани ва кейин бола парваришлаш таътилига чиққанлиги, айни пайтда ишлаш имкониятига эга бўлгани учун тиббиёт бирлашмасига ўз фаолиятини давом эттиришини билдирган бўлса-да, ишга қайтарилмаётганлигидан норози бўлиб шикоят ариза билан мурожаат қилди.

Ушбу мурожаат асосида туман тиббиёт бирлашмасида меҳнат қонунчилигига риоя этилишининг аҳволи ўрганилди. Ўрганишда аниқланишича, Н.Ўринова Ургут тумани Шароф Рашидов қишлоқ врачлик пунктига 2015 йил 16 декабрдан бошлаб 1,0 ставка патронаж тиббий ҳамшира вазифасига ишга қабул қилинган. 2017 йил январь ойида ҳомиладорлик ва туғиш таътилига, 2017 йил 7 март куни фарзанд туғилгандан кейин болани икки ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътилига чиққан.

Туман тиббиёт бирлашмасининг 2019 йил 9 апрелдаги №226-У сонли буйруғи асосида Меҳнат кодексининг 234-моддасига асосан 2019 йилнинг 9 апрелдан 2020 йилнинг 7 мартигача бола уч ёшга тўлгунига қадар бир йиллик қўшимча иш ҳақи сақланмаган ҳолда бола парвариши таътили берилган. 2020 йил 5 март кунидаги тиббиёт бирлашмасига ишга чиқиш тўғрисида ариза ижрога қаратилмаган ва ўз иш жойи (лавозими)га тикланмаганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, 2020 йил 25 июнь куни бола парваришидан ўз иш ўрнига қайтишни сўраб қилган такрорий мурожаати туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тегишли тартибда ижрога қаратилмаган.

Меҳнат кодексининг 234-моддаси 5-қисмига кўра, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланиши, бу таътиллар меҳнат стажига ҳаммасини жамлаганда кўпи билан уч йил, шу жумладан, мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилиши белгиланган. Кодекснинг 234-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Юқоридагиларга кўра, Ургут тумани тиббиёт бирлашмасига қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида адлия бўлими томонидан тақдимнома ҳамда туман Бандликка кўмаклашиш марказига туман тиббиёт бирлашмаси масъул ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун маъмурий таклиф киритилди.

2020 йил 14 август куни Н.Ўринова ишга тикланди.

Ж.ХУШНАЗАРОВ,

Ургут туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси.