Ургутда эгаси йўқ канализация ёки кўчага оқаётган қўланса оқовани ким тўхтатади?

Ёдингизда бўлса, шу йилнинг 9 июлида сайтимизда "Ургутдаги эгаси йўқ канализация ёки ариқда оқаётган қўланса оқова" сарлавҳаси билан танқидий материал берган эдик. Мақола чиққач, бир кун ўтиб, канализациянинг "эгаси" топилган ва махсус техникалар олиб келиб муаммони ҳал қилган эди.

Аммо орадан бир ярим ой ўтгач, ўша ҳудуддаги аҳолидан айнан канализация носозлиги бўйича яна мурожаат тушди. Олдинги сафар қўланса оқова катта кўчани ёқасидаги канализация қудуғидан оқиб чиқиб, кўча четидаги лоток ариқ орқали оқиб кетган бўлса, энди қўланса оқова катта кўчадан 50 метрча ичкарида унга ёндош, кичик кўчалардан биридан оқиб чиқиб, кўча бўйлаб тарқалиб, ундан анқиётган қўланса ҳид атроф-муҳитни булғамоқда.

Мурожаатни ўрганиш мақсадида жойида ҳолатни ўргандик. Ҳақиқатан ҳам Ургут шаҳридаги кўпқаватли уйнинг яқинидан қўланса оқова булоқдай бўлиб чиқяпти ва кўча бўйлаб кўлмаклар ҳосил қилиб, кўчанинг қарама-қарши тарафидаги катта майдонга оқиб тушяпти.

Вазиятга ойдинлик киритиш ва айрим саволларимизга жавоб олиш мақсадида кўпқаватли уйга хизмат қиладиган уй-жой коммунал хизмати идорасида бўлдик. Шу ҳудуддаги уйларга хизмат кўрсатадиган "Зуҳра-Санам» ҳудудий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари Нажмиддин Облоқулов идорада йўқ экан, бошқа одам кутиб олди. Унга ҳолатни билдирдик. Қизиғи, бизни кутиб олган одам муаммони на тўғрилаймиз, деди, на эгаллаб турган лавозимини айтди. Исм-шарифини сўрасам ҳам ўзини таништирмади. Аммо шу аниқки, биз учрашган одам муаммодан хабари бор мутасаддилардан эди…

Ноилож ортга қайтдик. Бироздан сўнг Ургут тумани ҳокимлиги мутасаддиларидан бири қўнғироқ қилиб "Эртага «Шарқ тароналари» фестивали иштирокчилари концерт қўйиш учун туманимизга келяпти. Ундан кейин Мустақиллик байрами. Байрам ўтгунча бу ишни бажаришга ҳеч кимнинг қўли тегмайди. Байрам ўтгандан кейин тегишли ташкилот тўғрилаб қўяди", деди.

 

Ўша суҳбатдан кейин ҳам икки ҳафта ўтди. Бу ҳудудга яқин уйларда яшовчи фуқаролар яна норози бўлиб, мурожаат қилишди. Борсам, ҳануз аввалги ҳолат ҳукмрон… Берилган ваъда бажарилмаган.

Қўланса оқова чиқаётган жойда тор кўчанинг бир тарафида озиқ-овқат дўконлари, иккинчи тарафида озиқ-овқатлар улгуржи сотиладиган бозорча бор. Қолаверса, кўча тор бўлгани билан шу атрофдаги кўп қаватли уйларда, маҳаллада яшайдиган аҳоли асосан шу йўлдан ўтиб-қайтади.

Муаммо ҳал қилиб бўлмас даражада эмас. Озгина эътибор, ҳафсала ва меҳнат қилинса бас, ҳал бўлади. Аммо негадир тегишли мутасадди ташкилотларда ўша эътибор, ҳафсала топилмаяпти. Оқибатда қўланса оқова сув кўчага ёқиб ётибди.

Ургут тумани коммунал хизмат бўлими, шу ҳудуддаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатадиган ширкат раиси муаммодан хабардор, аммо парвойи фалак.

Яна бир қизиқ жиҳати шуки, олдинги муаммода шу ҳудуддаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатадиган «Зуҳра-Санам» ҳудудий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Н.Облоқулов катта кўча ёқасидаги канализация қувури у бошлиқ бўлган ширкат хизмат қиладиган ҳудудга кирмаслигини маълум қилган эди. Бу сафар эса қўланса оқова кўп қаватли уйга туташ ҳудуддан оқиб чиқмоқда. Аммо шу уйларга хизмат кўрсатадиган ширкат негадир бу муаммога панжа орасидан қараб келмоқда.

Ўйлаймизки, Ургут тумани ҳокимлиги, туман коммунал хизматлар бўлими ва айнан ўша ҳудуддаги кўп қаватли уйларга коммунал хизмат кўрсатадиган ташкилот муаммога жиддий эътибор қаратади ва муаммога барҳам беради.

Ғайрат ЙЎЛДОШ.