Уй-жой билан боғлиқ ярим асрлик муаммо қачон барҳам топади?
Шу йил 2 июль куни вилоят ҳокимининг Тойлоқ туманида ўтказган сайёр қабулида Иштихон туманининг Халқобод маҳалласида яшовчи 75 ёшли Дилором Абдураҳмонова уй-жой масаласи, аниқроғи, турмуш ўртоғи билан яшаган даврида барпо этган уй-жойдан ўзига тегишли улушни олишда кўмак сўраб мурожаат қилди.
Бир қарашда мурожаат мантиқсиздек. Нега, дейсизми? Чунки, Д.Абдураҳмонова сўраётган уй-жойнинг тарихи 1970 йилга бориб тақалади. Орадан оз эмас-кўп эмас, 49 йил ўтган, у билан боғлиқ воқеаларни аниқлаш, ҳужжатларни топиш, солиштириш осон эмас. Аммо ҳоким онахон мурожаатини диққат билан тинглади. Сўнг бир гуруҳ журналистларга масалани жойида ўрганиб, ҳақиқий ҳолат бўйича ўз нуқтаи назарларини билдириш, муаммони қандай ечиш мумкинлиги ҳақида суриштирув олиб боришни тайинлади. Шу асосда Иштихон туманида бўлдик.
Дилором Абдураҳмонованинг муаммоси саналган уй-жой туманнинг Баҳрин маҳалласида экан. Туман ҳокимининг ўринбосарлари А.Ҳасанов ва Н.Явқочева ҳамроҳлигида ушбу манзилга бордик. Бугунги кунда бу ҳовли-жойда Исматулла Каримбердиев ва Муҳаббат Каримбердиева фарзандлари билан истиқомат қилар экан.
Суҳбат ва тақдим этилган ҳужжатлардан маълум бўлдики, 1967 йилда Дилором Абдураҳмонова Баҳрин маҳалласида яшовчи Тилов Ҳожиев билан турмуш қурган ва икки нафар фарзанд кўришган. 1970 йилнинг 6 февралида Т.Ҳожиев вафот этган. Шундан сўнг орадан тўрт-беш ой ўтиб Д.Абдураҳмонова ота уйи - Халқобод маҳалласига яшаш учун кетган. Аммо у қайнонаси - Холбуви Пардаева билан алоқани узмаган, ҳовлига келиб-кетиб, яшаб юрган
- Раҳматли қайнонамнинг икки нафар ўғли бўлиб, катта фарзанди Қувондиқ - менинг қайнакам, Тилов - турмуш ўртоғим эди, - дейди Д.Абдураҳмонова. - Бу ерда бизда 12 сотихлик, турмуш ўртоғимнинг акаси Қувондиқ Ҳожиевда ҳам 12 сотихлик уй-жой мавжуд эди. Қайнонам "Келин, бу ҳовли энди Тиловжонимдан ёдгорлик Алишержонга тегишли. Катта бўлгач, шу ерда яшайди", дерди. Мен касалхонада ҳамшира бўлиб ишлаш билан бирга қизим ва ўғлим Алишерни олиб, келиб турардим. Алишер вояга етгач, уй-жойларни янгитдан қурдик. 1989 йилда уйимиз қаршисидаги хонадон - қайнакамга тегишли ҳовлига у кишининг қизи Муҳаббат ва куёви Исматулла кўчиб келди. Бирга иноқ яшадик. 1999 йилда қайнонам вафот этди. Бир йил ўтиб, қизимга уй-жой қилиш учун бу ердаги уйнинг айрим қурилиш материалларини олиб кетдим, аммо уйимнинг бир қисми, айвон ва молхоналарим бор эди. Шундан кейин Исматулла ва Муҳаббат менга тегишли бўлган шу уй-жойни бузиб, қолган қурилиш материалларини ўзлари учун ишлатиб юборди ва уйим ўрнини текислаб, боғ қилди. Мен бу ишлари жиноят экани, улушимни қайтаришларини талаб қилдим. Бироқ улар шу пайтгача унашмади. Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судига мурожаат қилсам, уй-жой учун туман ҳокими қарорини тақдим қилинг, деб қайтаришди. Ахир у пайтларда уй-жой учун ҳоким қарори эмас, "сельсовет" қарори чиқариларди. Суд бунга аҳамият бермади.
Шундан сўнг Исматулла Каримбердиев ва унинг ўғли Баҳриддиннинг фикрларига қулоқ тутдик.
- Мен 1989 йилда оилам билан шу ҳовлига кўчиб келганман, - дейди И.Каримбердиев. - 1990 йилдан буён бу ҳовли-жойнинг ер ва мулк солиқларини тўлаб, яшаб келяпман. Дилором Абдураҳмонованинг бу уй-жойдан улуш олиш ёки мулким бор, дейишга умуман ҳақи йўқ. Чунки улар бу ерда эмас, қишлоқнинг бошқа жойи - янги "сельсовет"нинг олдидан берилган 12 сотих ер майдонига эга ҳовлида яшашган. Бу ҳақда 1961-1970 йиллардаги "Чимқўрғон" қишлоқ советининг хўжалик уй дафтарида ёзиб қўйилган. Тилов ака вафот этгач, Дилором опа у ердаги уй-жойни шу қишлоқ фуқароси Эгамберди Ражабовга сотиб, Халқободга кетган.
- Мен 1982 йилда туғилганман, - дейди Баҳриддин Каримбердиев. - Эсимни таниганимдан буён Холбуви каттаонам билан бирга яшадим. Раҳматли каттаонам "Бу ерда Тиловнинг ҳам, ота-онангнинг ҳам ҳақи йўқ, менинг номимда бўлган бу жой сеники", дерди. Мен 17 ёшимгача у киши билан бирга бўлдим, тарбиясини, дуосини олдим, доим ёнида юриб, улғайдим. Оқила аёл бўлгани учун мени ҳеч кимни норизо қилма, дея тарбиялаганди, шунинг учун 1999 йилда каттаонам вафот этгач, Дилором энамнинг бу уй-жойни бузиб кетишига қаршилик қилмадим. Ўшанда институтда ўқирдим, каттаонамдан қолган ер бўш ётмасин, ўтган-кетган мевасидан еб, каттаонам руҳи-покига дуо қилсин, савоби тегсин, деб бу ерни боғ қилдик.
Эътибор билан ўқиган бўлсангиз, уларнинг гапларида бир-бирини инкор қиладиган ҳолатлар мавжуд: Д.Абдураҳмонова бу уй-жойда ўғлим Алишер ва қайнонам Холбуви ая ҳисобда турган, деса, И.Каримбердиев улар умуман бошқа жойда яшаган деди. Б.Каримбердиев эса дастлаб каттаонасининг бу ерда Тиловнинг ҳақи йўқлигини айтиб, сўнг Д.Абдураҳмонованинг уй-жойни бузиб кетишига қарши бўлмаганини билдирди.
Келинг, энди ҳолат билан боғлиқ ҳужжатларни кўздан кечирайлик.
Қўлимизда вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси Каттақўрғон шаҳар давлат архиви тақдим этган Иштихон тумани "Чимқўрғон" қишлоқ совети Баҳрин қишлоғининг 1967-1970 йиллардаги хўжалик китобидан кўчирма. Унда ёзилишича, ака-ука Қувондиқ ва Тилов Ҳожиевга алоҳида, ҳар бирига 12 сотихдан бўлган ер майдонига эга уй-жой ажратилган ҳамда улар алоҳида хўжалик сифатида рўйхатдан ўтган. Бироқ ҳужжатларда уй-жой қишлоқнинг айнан қаерида жойлашгани аниқ ёзилмаган. Хўжалик уй дафтарининг 1986-1990 йиллардаги кўчирмасини кўздан кечирар эканмиз, унда Холбуви Пардаева ҳамда Алишер Тилововнинг 12 сотих ер майдонига эга уй-жойда рўйхатда турганлигига гувоҳ бўлдик. Аммо у уй-жой қаерда? Дилором Абдураҳмонова бугунги кунда боғ ўрни ўша уй-жой эканлигини айтса, Исматулла Каримбердиев "Бу ҳовли-жой 12 сотих, қайнотам Қувондиқ Ҳожиевга тегишли ер майдони бўлган, ҳозир меники", дейди. Мавжуд ер майдонини ўлчаш зарурлигини айтганимизда И.Каримбердиев бунга қаршилик қилди: "Бу уй-жой, ер майдони, боғ - менинг шахсий мулким. Уни фақат суд идораларидан рухсат берилсагина ўлчашга рухсат бераман".
Хўп, бу борада И.Каримбердиев қонунан ҳақ. Аммо ҳужжатлар билан танишар эканмиз, қатор чалкашликлар борлигига амин бўлдик. Мазкур ер майдони, яъни И.Каримбердиев эгалигидаги уй-жой бир ҳужжатда томорқаси билан 12 сотих, бирида 15 сотих деб кўрсатилган. Хўш, қайси бири тўғри? Яна ҳам қизиғи, Иштихон туман давлат солиқ инспекцияси маълумотига кўра, И.Каримбердиев туман ДСИдан маҳаллий ер ва мол-мулк солиқлари тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиб, 2006 йилдан 2008 йилгача 0,12 гектар ер майдони учун, 2009 йилдан 2014 йилгача 0,15 гектар ер майдони учун, 2014 йилдан буён 2018 йилгача 0,08 гектар ер майдони учун ҳисобланган солиқларни тўлаган. Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Иштихон туман филиали бошлиғи Ҳусниддин Астоновга кўтарилган муаммо юзасидан мурожаат қилганимизда булардан ҳам фарқли маълумотни айтиб ўтди.
- Баҳрин қишлоғидаги уй-жой масаласида фуқаро Д.Абдураҳмонова бизга ҳам мурожаат қилган, - дейди Ҳ.Астонов. - Аммо онахон талаб қилаётган ер майдонида уй-жой ёки эгалик ҳуқуқини беришни таъминлайдиган бирор иморат йўқ. Шу жиҳатдан биз у кишига эгалик қилувчи ҳужжатларни тайёрлаб бера олмаймиз. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги 251-сонли қарори билан 2017-2018 йилларда тумандаги барча уй-жой ва ер участкалари хатловдан ўтказилди. Жумладан, бу жараёнда низоли ушбу уй-жой ва ер майдони Исматулла Каримбердиевга тегишли экани аниқланди. Бироқ ўлчаб кўрилганда бу уй-жой ва ер майдони қатор ҳужжатларда ёзиб келинганидек 12 ё 15 сотих эмас, 27 сотих эканлиги маълум бўлди. Биз бу ҳақда тегишли идоралар, хусусан, туман давлат солиқ инспекциясига маълумот тақдим қилганмиз. Яна бир гап. Фуқаролик кодексининг 187-моддасига кўра, мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади. Маҳалла фуқаролар йиғини тақдим этган ҳужжатга кўра, И.Каримбердиев ушбу уй-жойга 1989 йилдан буён эгалик қилиб келмоқда. Бу - ушбу уй-жой И.Каримбердиевга тегишли эканини кўрсатади. Шунга кўра, Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги "Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида"ги фармонига асосланиб, И.Каримбердиев тақдим этган ариза ва зарур ҳужжатлар асосида туман ҳокими 2019 йил 19 январда унга қарашли турар-жой биноларига бўлган мулкий ҳуқуқни берувчи қарор қабул қилган.
Хуллас, салкам ярим асрлик тарихга муҳрланган муаммоли масалада шу каби бир-бирини инкор қилувчи иддаолар ва ҳужжатлар мавжуд. Бу эса ишнинг суд орқали кўрилиб, адолатли қарор топишини билдиради.
Дарвоқе, бизни саксон ёшни қоралаб қолган Д.Абдураҳмонованинг нега шу улуғ ёшида уй-жой масаласида ташвишга тушиб қолгани ўйлантириб қўйди. Ахир, онахон бугунги кунда Халқобод маҳалласида фарзандлари ва неваралари билан яшаяпти-ку. Унга бу "югур-югур", ташвишлар керакмиди?
- Афсуски, керак экан, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Явқочева. - Биз ҳудудимиздаги хотин-қизлар ҳаёти, ютуқлари, тажрибаси, муаммоси ва таклифларини доим ўрганиб борамиз. Шундай ўрганишларимиз давомида онахон билан ҳам суҳбатлашдик. Суҳбат давомида Дилором опа ҳозирда кооператив уйларда яшаётгани, бу уй ўгай отаси Абдураҳмон Сатторовга тегишли эканини айтганди. Хонадонига бориб аҳволи билан яқиндан танишдик. Айни пайтда Д.Абдураҳмонова бу уйда ўғли Алишер Тиловов ва тўрт нафар невараси билан яшайди. Муаммо шундаки, ўтган йили укалари - Ҳ.Ҳайдаров, Б.Сатторов, Ў.Абдураҳмонов ушбу уйда улушлари борлиги, бу улушни тақсимламаса, судга беришларини айтишган. Айни кунда бу муаммо Д.Абдураҳмонова, ўғли ва невараларини боши берк кўчага киритиб қўйган. Аммо туман ҳокимлиги бу масалага эътиборсиз қараб турмади. Туман ҳокими қарори билан Д.Абдураҳмонованинг невараси Шерзод Жабборовга уй-жой қуриш учун Халқобод маҳалласи ҳудудидан 6 сотих ер майдони ажратилди.
Бу яхши. Аммо Ш.Жабборов Д.Абдураҳмонованинг қизининг ўғли. Бу масалага ечим бўла олмайди. Бинобарин мурожаат ортида инсон тақдири ётар экан, ҳокимлик, суд идоралари, туман хотин-қизлар қўмитаси Д.Абдураҳмонова муаммосига бефарқ бўлмасликлари лозим, деб ўйлаймиз. Қолаверса, юқорида кўтарилган масала суд идоралари томонидан одилона кўрилса, уй-жойдан улуш талаб қилишда одамгарчилик, опа-укалик, қариндошлик, маҳалладошлик нуқтаи назаридан оқилона иш тутилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Акрам ҲАЙДАРОВ,
Zarnews.uz мухбири.