Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутасаддиси тизимдаги камчиликлар учун Ўзбекистон аҳолисидан кечирим сўради

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Рустам Сатторов кўп хонадонли уй-жойларда иссиқлик ва сув таъминоти борасидаги камчиликларни санаб, уларнинг ечими йўлида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Об-ҳавонинг 2020 йил ноябр ойидан бошлаб совиб кетиши ва унинг сурункали давом этиб туриши бизнинг барча камчиликларимизни кўрсатиб берди. Етиб келаётган мурожаатлар, журналист ва блогерлар ёритаётган масалалар бизнинг хато ва камчиликларимизни яққол кўрсатди», – деган у 8 январ куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида.

Рустам Сатторовнинг таъкидлашича, вазирликка айниқса иссиқлик таъминоти борасида жуда кўп мурожаатлар келиб тушяпти.

«Ҳақиқатдан ҳам, биз қозонхоналаримиз билан қамраб олган 23 минг уйдан фақат 13 мингтасигагина иссиқлик бера оляпмиз холос. Қолган 10 мингта уйдаги аҳолининг эътирозлари эса тўғри», – деган у.

Бошқарма бошлиғининг қўшимча қилишича, бугунги кунда республикада ўрнатилган тартибда ичимлик суви берилаётган аҳоли кўрсаткичи 73 фоизни ташкил қилади.

«Шавкат Мирзиёев соҳамиз юзасидан охирги қарорига қўл қўйиш жараёнида 27 фоизни қандай ҳал қилиш бўйича ҳам бизга йўл очиб берди. Бу – давлат ижтимоий буюртмалари.

Бунинг учун бизга керакли маблағлар ҳам ажратиб берилган. Эндиликда мана шу ижтимоий буюртмалар билан Фарғона, Наманган ва Андижонда эксперимент тарзида 15 минг аҳолига нодавлат нотижорат ташкилотлар орқали ичимлик суви таъминотини қилишга ҳаракат қиламиз. Агар 2021 йилда янги тизим орқали аҳолига ичимлик суви етказиб бера олсак, 2022 йилдан худди шу тизимда ишлашга ўтамиз», – таъкидлаган Сатторов.

Вазирлик мутасаддиси сўзлари якунида брифингдан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон халқидан узр сўраган.

«Брифингдан фойдаланган ҳолда, барча камчиликлар учун Ўзбекистон халқидан узр сўрайман. Биз мана шу камчиликлардан ўзимизга қаттиқ хулоса қилиб оламиз. Буни ваъда деб қабул қилинг», – деган Рустам Сатторов.