Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоятимизда илк бор туман маданият бўлими ҳисобот-концерт дастурини намойиш этди

Нарпай тумани 13-болалар мусиқа ва санъат мактабида туман маданият бўлимининг ҳисобот-концерти бўлиб ўтди.

Унда туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими, ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамда мусиқа мактаблари вакиллари иштирок этди.

- Бугунги кунда туманимизда 4 та маданият марказлари фаолият юритади, - дейди Нарпай тумани маданият бўлими мудири Хуршид Гадоев. – Марказлар қошида халқ ва замонавий чолғу асбоблари, театр актёрлиги, рақс, тасвирий санъат каби тўгаракларга истеъдодли ёшлар қамраб олинган. Бугун туман маданият бўлими томонидан илк бор ўтказилаётган ҳисобот-концертида маданият марказлари ва болалар мусиқа ва санъат мактабларидаги истеъдодли ёшлар ўз маҳоратларини синовдан ўтказди, халқ олдида “имтиҳон” топширди.

Тадбирда марҳум устоз, Ўзбекистон халқ бахшиси Зиёдулла Исломов хотираси ёдга олинди. Мурод Тоғаев устознинг хотирасига бағишлаб, унинг термаларидан куйлади. Шунингдек, маҳоратли ёш ижодкорлар томонидан “Боғ аро”, “Устозларим”, “Раққоса қиз ўйнасин”, “Айлаб келинг”, “Баригал”, “Ўзбекистон”, “Араб тангоси” каби қўшиқлар, ариялар ва рақслар ижро этилди.