Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоятларнинг қайси ҳудудга киритилгани маълум қилинди

Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг ахбороти эълон қилинди.

Унга кўра, коронавирус тарқалиши ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлилидан келиб чиқиб, карантин чекловлари жорий йил 8 майдан бошлаб учта тоифага кирувчи ҳудудларга ажратилиб, босқичма-босқич бекор қилиб борилади.

“Қизил” тоифадаги ҳудуд – Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Бухоро ва Сирдарё вилоятлари.

Бунда «қизил» ҳудудда мавжуд карантин чекловлари сақлаб қолинади ҳамда вазиятга қараб қайта кўриб чиқилади. Мазкур ҳудудларда сўнгги 14 кун ичида коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланган.

“Сариқ” тоифадаги ҳудуд – Сурхондарё, Хоразм вилоятлари, Тошкент шаҳри.

«Сариқ» ҳудудларда баъзи чекловлар сақлаб қолинади. Мазкур ҳудудларда сўнгги 14 кун ичида коронавирусга чалинганлар аниқланмаган, бироқ ушбу касалликка чалинган ва даволанаётган беморлар бор.

“Яшил” тоифадаги ҳудуд – Навоий, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари.

Бу ҳудуд коронавирусдан ҳоли ҳудуд сифатида ҳам қаралади. Бу тоифага кирган вилоятларда коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланмаган ёки аниқланган шахслар тўлиқ соғайган.