Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига қайси партиядан қанча номзод сайланди?

Кеча халқ депутатлари вилоят Кенгашига шаҳар ва туманлардаги 5 та округда такрорий овоз беришлар ўтказилди.

Вилоят сайлов комиссияси маълум қилишича, овоз бериш натижаларига кўра, 3 нафар Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан ва 2 нафар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган.

Хусусан, 1-Боғибаланд сайлов округидан Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Бадриддин Насриев;

5-Саттепо сайлов округидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари – вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Шохрух Джуракулов;

22-Жўш сайлов округидан Қўшработ тумани Оқмачит махалла фуқаролар йиғини раиси Садилла Абсаматов;

45-Арабхона сайлов округидан Самарқанд шаҳрида жойлашган “Хуршида мед стом” стоматология клиникаси раҳбари Шахноза Нурмуминова;

50-Дўстлик сайлов округидан “Оила” илмий амалий маркази вилоят бошқармаси раҳбари Зебинисо Шодиева кўп овоз олган.

Сайлов кодексининг 59-моддасига асосан такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиши фоизи ҳисобга олинмайди.

Сайловларнинг умумий натижаларига кўра, халқ депутатлари вилоят Кенгашида энг кўп 16 та депутатлик ўрнини Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси эгаллади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан эса 14 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 11 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 10 ва Ўзбекистон Экологик партиясидан 9 нафар номзод вилоят Кенгаши депутатлиги сайланган, деб топилиб, рўйхатга олинди.

Алоҳида қайд этиш лозимки, ушбу сайланган депутатларнинг 22 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.