5 январь куни 25 та округда такрорий овоз бериш ўтказилади
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 та сайлов округларида такрорий овоз беришни 2020 йил 5 январь, якшанба куни ўтказишга қарор қилди.
23 ва 24 декабрь кунлари Марказий сайлов комиссияси жойлардан, округ сайлов комиссияларидан келиб тушган барча якуний баённомаларни ўрганиб чиқди.
Ўрганиш жараёнида қуйидагилар аниқланди:
Сайлов кодексининг 96-моддасига асосан сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг якуний баённомалари ўрганиб чиқилганда, 3 та сайлов округида сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида арифметик хатоликка йўл қўйилганлиги аниқланди.
Булар Самарқанд вилояти 67-Паст Дарғом сайлов округи ҳамда Фарғона вилояти 102-Яйпан ва 106-Бағдод сайлов округларидир.
Юқорида қайд этилган сайлов округларида номзодларнинг биронтаси ҳам етарли миқдорда овоз ололмаганлиги сабабли мазкур округлардан депутат сайланмади.
Маҳмуд ИСТАМОВ,
МСК раиси ўринбосари.