Депутатликка номзоднинг ишончли вакили маъмурий жавобгарликка тортилади

Сайлов кодексининг 44-моддасига кўра, сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқот олиб бориш тақиқланган.

Ушбу тартиб қонун билан қатъий белгилаб қўйилишига қарамасдан, халқ депутатлари Қува тумани Кенгашига “Адолат” социал-демократик партиясидан номзоди кўрсатилган Б.Мавлоновнинг ишончли вакили Х.Абдуллаев 2019 йил 22 декабрь куни соат 08:30 ларда ўзининг “Ласетти” русумли автомашинаси олди қисмига “Адолат” социал-демократик партияси, икки ён томонларига “Мавлонов Баҳромжонга овоз беринг” деган ёзувларни оддий бўёқда ёзиб олиб, Қува тумани, Жалаёр округи ҳудудидаги 25-мактабда жойлашган 589- ҳамда Меҳнатобод қишлоғи 51-мактабда жойлашган 743-сайлов участкалари олдида автомашина ойналарини очган ҳолда “Мавлонов Баҳромжонга овоз беринглар”, деб тарғиб қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Қува тумани прокуратураси томонидан Б.Мавлоновнинг ишончли вакили Х.Абдуллаевга нисбатан МЖтКнинг 51-5-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Қува тумани маъмурий судига юборилган.

Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.