Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хотира майдонлари хотирадан кўтарилганми?

Бу йил Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги юртимизда кенг нишонланади. Ҳадемай 9 май келади. Жойларда хотира ва қадрлаш тадбирлари ўтказилади. Бу тадбирлар асосан Хотира майдонларида ташкил этилади.

Хўш, айни пайтда туман ва шаҳарлардаги бундай хиёбонлар қандай ҳолатда?

Иштихон туманидаги Хотира майдони бунёд этилганига ҳали кўп бўлмаган бўлса-да, деворларга ёпиштирилган плиталар тушиб, йўлакларга ётқизилганлари кўтарилиб ётганлиги бу жойни бунёд этган қурувчилар сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланганлигидан, мутасаддилар эса таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига бефарқлигидан дарак бериб турибди.

Оқдарёдаги Хотира майдонида тунги ёриткич чироқлари синиб, электр симлари очилиб, хотира китобининг ёнидаги безаклар тушиб ётганлигидан, қолаверса, атрофдаги чиқиндилардан майдон эътиборсиз қолганини илғаш қийин эмас.

Булунғур тумани мутасаддилари ҳар ҳолда Хотира майдонига эътиборсиз эмаслигини бу ерда ободонлаштириш ишлари яхши йўлга қўйилганидан билиш мумкин. Биргина муаммо  майдон атрофини сон-саноқсиз, қонуний ва ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситалари ўраб олганлигида.

Тойлоқ туманига бориб, Хотира майдони қаерда жойлашганлигини сўрасангиз “Боғизоғонда, "винзавод"нинг қарама-қарши томонида” деб жавоб беришади.

Аслида, туманнинг Боғизоғон маҳалласида жойлашган бу мажмуани хотира майдони, деб аташ ҳам ноўриндек. Сабаби урушга кетиб қайтиб келмаган шу ҳудуднинг мард ўғлонлари хотираси учун бир пайтлар ўрнатилган ёдгорлик ўрнида мотамсаро она ҳайкали жойлаштирилган.  Бу ердаги мармар тошга “Улуғ Ватан урушида...”, деб ўйиб битилган ёзувга қараганда мажмуанинг тарихи узоққа бориб тақалади.

Самарқанд туманидаги Хотира майдони узоқдан қараганда бинойидек. Туманнинг қоқ марказида, ҳокимлик биноси қаршисида жойлашган майдонга кириб борсангиз, бу ерда анчадан бери ободонлаштириш ишлари олиб борилмаганига гувоҳ бўласиз. Гул экиладиган жойлар чиқинди билан тўла. Қоронғи тушди ҳамки майдонда тунги чироқлар ёнмади.

Сизнинг Хотира майдонингиз-чи? У ердаги ҳолат, саранжом-саришталик хотирангиздан кўтарилмаганми, ҳурматли масъуллар?..

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Ҳусан ЭЛТОЕВ (фото).