Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Янги ўқув йилида коллежлар нима бўлади?

Ўтган давр мобайнида 3 та касб-ҳунар коллежи ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларга айлантирилди. Бундан ташқари, 24 та коллеж биноси бошқа ташкилот, вазирлик, идоралар, 54 та коллеж бино ва иншоотлари эса умумий ўрта таълим мактаблари тасарруфига ўтказилди.

Бугунги кунда 86 та касб-ҳунар коллежи оптимизация жараёнида. Улардан 15 таси олий таълим билан уйғунлаштирилган ўрта махсус профессионал таълим берадиган олий мактаб бўлади. Шунингдек, 10 таси ўрта профессионал таълим берадиган идоравий (вазирлик, идора, йирик корхоналар ва кластерлар), 37 таси бошланғич профессионал таълим берадиган кўп тармоқли касб-ҳунар мактаблари сифатида фаолият кўрсатади.

Бундан ташқари, 3 та коллежда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказиладиган касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ташкил этиш режалаштирилган. Яна 1 та касб-ҳунар коллежини давлат тест маркази тасарруфига бериш кўзда тутилаяпти. Келгусида олий таълим муассасалари 20 та коллеждан технологик марказ сифатида фойдаланади.

2019-2020 ўқув йилида 9-синф базасида 110 та касб-ҳунар коллежида 23 580 нафар 3-босқич ўқувчилари, шунингдек, умумий ўрта маълумот асосида 19 соҳа бўйича 4278 нафар ўқувчилар таълимни давом эттиради.

Касб-ҳунар коллежларининг бино-иншоотларини ва қозонхоналарини жорий таъмирлаш бўйича таълим муассасаларига маҳаллий бюджет ҳисобидан 4,892 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилган. Бугунги кунгача 2,937 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди. Жумладан, 5 та таълим муассасасида 1,385 миллиард сўм маблағ асосида 30 та энергия тежамкор қозонлар ўрнатилди.

Шунга қарамай Булунғур саноат, Иштихон маиший хизмат, Нуробод маиший хизмат, Паст Дарғом хизмат кўрсатиш ва сервис, Испанза агротадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежлари иситилишида камчилик ва муаммолар мавжуд. Шу боис муқобил иситиш таъминоти тизимини жорий этиш, куз-қиш мавсумида қўшимча маблағ билан таъминлаш зарур.

Азиз НАСИМОВ,

вилоят касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси бошлиғи.