Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Янги уйлар эгаларига берилди. Аммо нега табиий газ таъминотидан дарак йўқ?

2019 йилда Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивидан кўп қаватли хусусий уйлар қад кўтарди. "AGROMIR BUILDINGS" масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилаётган 12 ва 16 қаватли уйларнинг айримлари 2019 йилнинг декабрь ойи охирида ўз эгаларига топширилди.

Айни кунларда ушбу янги хонадон соҳиблари уйларига бирин-кетин кўчиб ўтишмоқда. Аммо ҳанузгача уйларга табиий газ берилмаяпти. Одамлар муз қотган уйда яшашга мажбур бўлишмоқда. Сабаби, ушбу хусусий уйлар аҳолига 18 фоизли кредит асосида сотилган. Кредит тўлови эса банк билан мижоз ўртасида ипотека тўғрисида шартнома тузилган куннинг эртасидан ҳисобланган.

Шунинг учун ҳам фуқаролар хусусий уйларга тезроқ кўчиб ўтиш ҳаракатида бўлмоқда. Ахир ижарада турса, кредитга қўшиб ижара пулини ҳам тўлаши керак.

Аслида хусусий уй олаётганларнинг асосий қисми кўп қаватли арзон уй-жойларга йиллаб навбатда туриб, охир-оқибат навбати келмаслигини тушуниб етгач, қиммат бўлса-да, хусусий уйга харидор бўлишган.

Кўп қаватли уйда 5-10 кундан буён қалтираб ўтирган фуқароларнинг дардини эшитадиган раҳбар йўқ. Не умидларда замонавий уйга кўчиб ўтганлар ҳали газ ускунасида овқат пиширолган эмас. Бу ҳол қачонгача давом этади?

Х.ЭРНАЗАРОВА.