Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ясуши Иноуе: Навоий ўзбек шеъриятининг отаси

Яқинда таниқли япон ижодкори, сайёҳ, ёзувчи Ясуши Иноуенинг “Самарқандга саёҳат” асарини ўқиб қолдим. Унда Алишер Навоий ҳақида билдирилган фикрлар қалбимни фахрга тўлдирди.

Асарда ёзувчи “Ўзбекистонда Навоий номини билмайдиган инсон топилмайди”, деб ёзади. Япон ижодкори Навоийнинг Ўрта Осиёда ҳар томонлама ҳурмат-эҳтиром қилинишининг сабабини унинг ҳам форс тилида, ҳам ўз она тилида моҳир эканлигида, деб билади. У ўз назмини мўғуллар томонидан Чиғатой, деб аталувчи Шарқий турк тилидаги ҳарфлар билан ёзишни афзал кўрган. Навоийгача барча адабиётлар форс тилида яратилган. Навоий Ўрта Осиё адабиётига ўзининг жонли тилини олиб кириш йўлида ўз ҳаёти, илми, ижоди ва қобилиятини намоён этган.

Ёзувчи Навоий фикрини жўшқинлик билан таъкидлаб, уни “ўзбек шеъриятининг отаси”, дея эътироф этади. “Тошкент кутубхонасида менга Навоий шеърларининг асл қўлёзма нусхасини ўрганишдек имконият яратилди. Китоб катта бўлиб, икки қўллаб ушлашимга тўғри келди ва ҳар бир шеър ёзилган саҳифаси чиройли расмлар билан тўлдирилган экан. Бу энг дабдабали ва ноёб китоб эди. Навоийнинг барча ишлари рус тилига таржима қилинган бўлиб, 1968 йилда ўн томлик китоб шаклида нашр этилган”, дейди ҳаяжон билан ёзувчи.

Гулмира САТТОРОВА,

Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси.