Самарқандда темурийлар даврига оид жанговар ноғора сақланмоқда
Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек музей-мажмуасида экспозитсияга чиқарилган темурийлар даврига оид ашёлар ноёб экспонатлардан саналади. Жумладан, “ЎзБАТ” раҳбарияти томонидан совға қилинган, Абдуллоҳ Таббадал-Ҳиравийнинг Самарқанд қоғозида ёзилган ҳадислар тўплами китоби мадраса талабалари учун махсус тайёрланган. Мовароуннаҳрда Амир Темур ва Улуғбек даврида ерларни инъом қилиш тизими йўлга қўйилиб, ер солиғи камайтирилади. Буни ҳозиргача сақланиб келинаётган қўлёзма ҳамда вақф ҳужжатларида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, мазкур музейда ХВ асрга тегишли, баландлиги 24 сантиметр бўлган жанговар ноғора ҳамда Мирзо Улуғбекнинг юлдузлар каталоги сақланмоқда.
Марказий Осиё халқлари тарихида ҳарбий мусиқа муҳим ўрин эгаллаган. Қадимдан ҳарбий қўшинларни бошқариш, аскарларга руҳий куч бериш ва жанг пайтида сигнал узатиш мақсадида турли мусиқа асбобларидан фойдаланилган. Ана шундай асбоблардан бири тулунбас деб аталувчи жанговар ноғорадир. Тулунбас нафақат мусиқа асбоби, балки давлат ҳокимияти ва ҳарбий қудрат рамзи сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этган.
Самарқандда тайёрланган ХV асрга тегишли тулунбас Марказий Осиё ҳунармандчилигининг юксак даражасини намоён этувчи нодир намуна ҳисобланади. Самарқанд темурийлар даврида йирик сиёсий, иқтисодий ва маданий марказлардан бири бўлган. Бу ерда металга ишлов бериш, заргарлик, наққошлик ва кандакорлик санъати юқори даражада ривожланган. Ҳозирги кунда Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси экспозитсиясида намойиш этиб келинаётган тулунбас бронзадан тайёрланган бўлиб, унинг шакли пиёзсимон кўринишга эга. Бундай шакл ноғоранинг акустик хусусиятларини кучайтиришга хизмат қилган. Ашёнинг ташқи қисми кандакорлик усулида ишланган бой геометрик орнаментлар билан безатилган. Нақшлар ичида арчага ўхшаш безаклар учрайди.
Бундай ноғоралардан асосан ҳарбий юришлар, сарой маросимлари ва тантанали йиғилиш (парад)ларда ва ов жараёнларида фойдаланилган. Тулунбаснинг асосий вазифаси қўшинларга сигнал бериш ҳамда аскарларнинг руҳий ҳолатини кўтаришдан иборат бўлган. Катта ҳажмдаги металл ноғоранинг овози жуда кучли ва паст тембрли бўлиб, узоқ масофагача эшитилган. Шу сабабли Амир Темур ва унинг авлодлари даврида ҳам ҳарбий ноғора бошқарув тизимининг муҳим воситаларидан бири ҳисобланган.
Марказий Осиёда ҳарбий мусиқа анъанаси айнан темурийлар даврида юқори даражада ривожланган. Қўшинларда карнай-сурнай, катта ва кичик ноғоралардан иборат мусиқа асбоблари бўлган. Бу асбоблар жанг пайтида қўшинларнинг ҳаракатини мувофиқлаштириш ва аскарларни руҳлантириш вазифасини бажарган. Жанговар ноғорада реставратсия ишлари амалга оширилган. Орнаментларни аниқлаш учун реставратсион тозалаш ишлари ўтказилган ва ноғора устига тери мембрана қайта ўрнатилган. Шу билан бирга, ноғора танасида айрим йўқолишлар ва металнинг қорайиши каби вақт таъсири излари ҳам сақланиб қолган.
Тўлқин БЎРИЙEВ,
“Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси тарих бўлими мудири.