Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Театрга киришга вақт топа оляпмизми?

Қачон театрга кирдингиз, сўнгги кўрган спектаклингиз қайси? Афсуски, бу саволга ҳамма ҳам жавоб бера олмайди. Чунки бугун театрга кириб маданий дам олишга вақт топа олаётган томошабинлар жуда кам.

Вилоят мусиқали драма театрида кенг жамоатчилик ташрифини ташкил этиш учун 3 августдан 15 сентябргача бошқарма, ташкилот ва муассасалар ходимлари учун кечки вақт спектакллар намойиши белгиланганди.

Бир ой давомида ташкилотлардан 3000 нафардан зиёд ходимлар келиб, Тунжар Жужанўғлининг «Кўчки» ва «Бўёқчи», Чингиз Айтматовнинг «Соҳил бўйлаб чопаётган олапар», Иззат Султоннинг «Имон», С.Имомовнинг «Аёлларни асранг, эркаклар!», М.Комилжоновнинг «Она юраги», Х.Хурсандовнинг «Бир ўлиб кўрайчи» каби спектаклларини томоша қилишди. Ушбу намойишлар орқали театрга 25 миллион 740 минг сўм пул тушуми тушди.

- Театр маданият маскани, ҳаёт кўзгуси, - дейди театр директорининг томошабинлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Уйғун Нурманов. – Ҳар бир спектаклимизда ҳаётнинг бир кўриниши ўз аксини топган. Афсуски, кейинги йилларда юртдошларимизнинг театрга эътибори бирмунча сусайди. Августь ва сентябрь ойларида ташкилот ходимларининг ишдан сўнг театрга ташрифини таъминлаш мақсадида ҳар куни соат 18.00 да репертуаримиздаги энг сара спектакллар намойиш этилди. Афсуски, бунга ҳамма ташкилот раҳбарлари ҳам масъулият билан ёндашгани йўқ. Ахир тарбия театрда шаклланмайдими?

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.