Чаплиннинг қизи Жеральдинага ёзган хати: Одамларни кузат, бева ва етимларга эътибор бер!
“Кунига камида бир марта ўзингга “Мен улар билан бир хилман, улардан фарқим йўқ”, деб айт. Ҳа қизалоқ, сен уларнинг бирисан! Бундан ташқари, санъат одамга у учиб кетиши учун қанот бағишлашидан олдин, одатда унинг оёқларини синдириб қўяди ва агар бир кун келиб сен ўзингни томошабиндан юқори ҳис қила бошласанг, дарҳол саҳнани тарк эт. Йўлингда чиққан биринчи таксига ўтириб, Парижнинг четидаги шаҳарларнинг бирига боргин. Мен у жойларни жуда яхши биламан. У ерда сен каби гўзал, нафис, шавқли ва ғурурли раққосаларнинг кўпини учратасан.
У ерда театрнинг кўзни қамаштирадиган чироқларидан асар ҳам йўқ. Ой – улар учун ягона чироқдек ярқирайди. Яхшилаб назар сол! Балки, улар сендан яхшироқ рақсга тушар? Тан олгин, қизим, ахир сендан ҳам яхши рақсга тушадиган, сендан ҳам яхшироқ ўйнайдиган киши, албатта топилади! Ёдингда тут: Чарлининг оиласида ҳеч қачон извошчини койийдиган ёки Сена дарёси бўйида ўтирган тиланчини масхара қиладиган қўпол одам бўлмаган.
Мен ўтганимдан сўнг яхши яшаб, ҳеч қачон қашшоқлик нималигини билмасдан яшашингни истайман. Ушбу хат билан сенга хоҳлаганингча пул сарфлашинг учун чек дафтарчасини ҳам қўшиб юборяпман. Аммо икки франк сарфлаганингда, учинчи танга сеники эмаслигини ўзингга эслатиб туришни унутма. У сенга нотаниш, лекин унга муҳтож бўлган одамга тегиши керак. Бунақанги одамни сен осонгина топишингга ишонаман. Гап бу нотаниш камбағалларни кўришни исташингда ва улар билан ҳамма жойда учраша олишингда.
Уларда иблис кучи борлигини билиб туриб, мен сен билан пул тўғрисида гаплашяпман. Ҳаётимнинг кўп қисмини циркда ўтказдим ва ҳар доим дорбозчилар учун хавотирда бўлардим. Сенга шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, одамлар ишончсиз арқондан пастга қараб қулагандан кўра, текис ерда юриб қўпроқ йиқилишади. Эҳтимол, меҳмонлар учун уюштирилган зиёфатларнинг бирида олмоснинг ярқираши қўзингни қамаштириб юбориши мумкин. Ўша пайтда у сен учун хавфли арқонга айланади ва қулашинг муқаррар бўлади. Эҳтимол, бир куни сени бирон бир шаҳзоданинг чиройли юзи ўзига жалб қилади. Худди шу куни сен тажрибасиз дорбозчига айланасан, тажрибасизлар эса ҳар доим йиқилади. Юрагингни олтин ва заргарлик буюмларига сотма. Билгинки, энг катта олмос - бу Қуёш. Яхшиямки, у ҳамма учун бир хил порлайди.
Чарли энди қариб қолди Жеральдина. Эртами-кечми саҳнадаги оқ либосинг ўрнига, менинг қабримга келиш учун мотам кўйлагини кийишинга тўғри келади. Ҳозир сенинг кўнглингни ғаш қилмоқчи эмасман. Фақат вақти-вақти билан ойнага қараб қўй, у сенга менинг хислатларимни кўрсатади. Сенинг томирларингда менинг қоним оқади. Томирларимдаги қон совиб қолганида ҳам отанг Чарли ҳақида унутмаслигингни хоҳлайман. Мен ҳеч қачон фаришта бўлмаганман, лекин ҳар доим одам бўлишга интилганман. Сен ҳам шундай қилишга ҳаракат қил!”.
Интернет материаллари асосида Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.