«Бизга «Анна Каренина»ни ўқитишдан мақсадингиз не?» Ёхуд «маънавият» бизни не кўйларга солди?
Маънавиятга таъриф беришнинг ҳожати йўқ, у шубҳасиз, ҳаётимизнинг, яшаш тарзимизнинг ўзаги бўлмоғи лозим. Ҳамма гап унинг «озуқаси»да, инсонга қачон, қай тариқа етказилишида. Бу фақат бугуннинг эмас, инсониятнинг асрлар давомидаги интилиш, истакларидан биридир. Табиийки, маънавиятли, дунёқараши кенг инсоннинг яшаш тарзи-ю фаолияти кўпчиликка ибрат бўлади.
Аммо маънавият тушунчаси ҳақида гап кетганда баҳсталаб жиҳатлар жуда кўп. Дейлик, доим ҳалол яшаб, меҳнат қилиб, чумолига ҳам озор бермай умргузаронлик қилган, кейин ҳалоллигига путур етказадиган ишга мажбур қилинган одам тўсатдан жиноятга қўл урса, бу одамни маънавиятсизга чиқарамизми? Ёки ҳамманинг кўз ўнгида китоб ўқигич, одамларни ҳалолликка ундаб, аммо ўзи таъма илинжида юрган одамни маънавиятли деб айтоламизми? Унинг мезонлари қанақа ўзи? Чегаралари борми?
Дарвоқе, чегара ҳақида. Биз ҳатто тушунчаларнинг моҳиятидан кўра чегарасини излашга кўникиб қолгандаймиз. Шунинг учун бўлса керак, узоқ йиллар маънавият соҳасида фаолият юритиб келган ходимларнинг асосий иши чегара топишдан иборат бўлиб қолди, десам муболаға қилмаган бўламан. Қандай кийиниш кераклигидан тортиб, қандай гапириш, қандай яшаш, қанча маблағни қаерга сарфлаш каби масалалар ҳақида мақолалар ёзишди, шу ҳақда маъруза ўқишди, шундай мезонларни илк таълим масканиданоқ сингдира бошлашди.
Эслаб кўринг, бундан тўрт-беш йил олдин таълим муассасаси бўладими ёки бошқа ташкилотми, ўша ерда бирор салбий ҳолат содир бўлгудай бўлса «Маънавиятчи нима иш қиляпти? Маънавиятчи қаёққа қараяпти?» деган саволлар пайдо бўлди. Ростдан ҳам маънавият отлиғ ташкилот бўлгандан сўнг у «жавобгар» бўлиши керак-да. Акс ҳолда унинг бошқа қандай юмуши бўлиши мумкин. Агар чуқурроқ ўйлаб кўрадиган бўлсак, жиноят борми, ўқувчиларнинг бир-бири билан уришиб қолишими, қизларнинг тирноғи-ю ўғил болаларнинг сочи, тоза-ю нотозалик, интернет ўйинлари-ю хуллас, нима истеъмол қилиш - ҳаммаси маънавиятчига «боғлиқ» бўлиб қолди. Маънавиятчилар эса бу вазифани қай тариқа уддалашни билмай, ҳаммадан намунали қиёфа излай бошлади. Чегаралар тортди, намуналилар гуруҳини ташкил қилди. Фақат бу ҳаётда инсон отлиғ мавжудотнинг ҳар бири ўзига хослиги унутиб қўйилди. Унинг чегараси бунисига тўғри келмаслиги «эсдан чиқди».
Бугун эҳтимол, «маънавиятчилар» олдига қўйилаётган вазифалар ўзгараётгандир, ҳар ҳолда ушбу соҳа мутасаддиларининг қизлар бундай кийиниши керак, йигитларнинг соч турмаги мана бундай бўлиши керак, қабилидаги мақолалари ҳозир кўзга ташланмай қолди ёки муҳаррирлар томонидан қайтарилмоқда. Аммо унинг натижалари қаерлардадир акс-садо бераётгани ачинарли.
- Ўзбек гуруҳида ўқийдиган талабалар билан ишлашда баъзи қийинчиликларни сезаман, уларни баъзида қайта-қайта ўқитишга тўғри келади, - дейди олий таълим муассасасида ишлайдиган педагоглардан бири. - Жаҳон классик адиблари асарларининг баъзиларини ўқиш учун топшириқ берганимизда, талабалар орасида бу асар бизнинг маънавиятимизга тўғри келмайди, дея тортишаётган қатлам пайдо бўлаётгани мени педагог сифатида ташвишга қўяди. Дарс режасида Лев Толстойнинг «Анна Каренина» асари киритилган. Ушбу асарни ўқиб келиш ҳақида вазифа берганимда баъзи талабалар "Бизга нима учун маънавиятимизга, миллийлигимизга тўғри келмайдган асарларни ўқитишни вазифа қилиб беряпсиз? Бунга ҳаққингиз йўқ", деган фикрларни эшитдим. Баъзида талабаларнинг турмуш ўртоқлари келиб «Рафиқамга нима учун бундай мазмундаги китоб ўқишни айтдингиз?» дея сўроққа тутаётганлар ҳам бор. Рафиқасининг қандай китоб ўқиётгани билан қизиққан эркакка раҳмат айтаман, албатта. Унга филология факультетида ўқийдиган рафиқаси тушунтиролмаган фикрларни етказишга уринаман, кези келганда. Талабаларга-ку, асосли жавоб беришим, уларнинг фикрини ўзгартиришим мумкин, лекин мени қийнайдигани бошқа нарса. Қачондан бери жаҳон классик асарлари бизнинг маънавиятимизга тўғри келмай қолди? Ёшларда асарнинг қуруқ сюжетигагина қараб хулоса чиқариш кўникмаси қачон шаклланди ўзи? Умумтаълим муассасаларида ўқувчилар наҳотки бу асарлар ҳақида етарли тушунчага эга бўлмаган? Энг ёмони, биз уларнинг онгига сингиб қолган бундай қарашни ўзгартиришга қурбимиз етармикан? Филология факультетида ўқиб, мумтоз асарларни маънавиятимизга зид деган талабадан қандай мутахассис чиқади? Мени ўйлантираётгани мана шу.
Устоз муаллиманинг фикрлари киши хаёлларини остин-устин қилиб ташлайди. Маънавиятимизга тўғри келмайди, дея ўз қаричимиз билан ўлчанадиган дунёқарашни бошқаларнинг онгига ҳам сингдиришга уриндик. Айниқса, ижтимоий тармоқларда у ёки бу мавзу «кун янгилиги» сифатида қабул қилиниб, улоқни истаганча «олиб қочадиган»лар қатлами пайдо бўлди. Масаланинг туб моҳиятига етиб-етмай фикр билдириш ҳолатлари кўпайди.
Фақат оқ ва қора рангларда фикрлаш тенденцияси кучайди. Агар китоб ўқийдиган, биз маънавиятли ҳисоблайдиган «жонкуярлар» шундай фикрлайверса, келажакда фақат қолипларимизга тўғри келадиган романларни ўқишимиз, чегараларимизга мос келадиган кино томоша қилишимизга тўғри келиши ҳақида ўйламадик.
Яна бир зиёли, талабаларга дарс берувчи бир устознинг фикрларини эшитгач, юқоридаги талабаларнинг даъволари ҳолва экан, деб қўйдим.
- Ойнаи жаҳонда намойиш этиладиган «Қора ният» турк сериалини нега тақиқлаб қўйишди, қизиқ, - дейди у киши. – Ахир Чингиз Айтматовнинг «Жамила» асари сюжети ҳам шу мазмунни берадику. Уни ўқидик нима-ю «Қора ният»ни кўрдик нима?
Хуллас, ҳали бундай баҳслар узоқ давом этадими, деган қўрқув, хавотир бор кўнглимда. «Маънавият» эса ўзанини кескин буриб олиши ёки умуман ишламаслиги муҳимроқмикан, деган хаёллар қаршисида ҳам қоламан баъзида.
Гулруҳ Мўминова.
P/S. Мақола ёзилгач, Президентимизнинг «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Ушбу қарорда «Тарғибот-ташвиқот ва тарбия йўналишидаги ишларни илмий асосда ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва услубий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий қилиш» каби соҳага оид қатор янги вазифалар белгиланган. Бу эса маънавиятнинг ўз ўзанини тўғри йўналишида буриб олишига имкон.