Мулоҳаза: қишга тайёргарлик ростдан ҳам кўрилганмиди?

Кунлар совимасидан “Куз-қиш мавсумига тайёргарлик бошланди” деб бонг урилди, қилинаётган ишлар ижтимоий тармоқлару телевидениеда кўз-кўз қилиниб, масъуллар одатдагидек ваъдалар берди.

Бироқ, совуқ тушиб, ёмғир, қор ёғиши билан яна электр липпилаб, газ босими пасайди, айрим жойларда ўчди, метан "заправка"лар ишламади, ишлайдиганлари ҳам турнақатор навбат, йўл кира нархлари ошди... Хуллас, кейинги йилларда қиш келди дегунча шу ҳол такрорланавериб, одамлар учун одатий ҳол бўлиб қолди.

Масалан, бугун уйдан чиқишим билан онам айтган гап: “Фонарга батарея олиб кел, кечга свет бўлмайди”. Кўчада ҳайдовчилар: “Метан ҳали-бери очилмайди, энди бензин нархи ошмасин”. Ишхонада ҳамкасбим: “Қишлоқда уйни ўтин билан иситяпсизларми, шаҳарда ток кам, газ босими паст”.

Қиш ҳақида гапириб, бойга ишониб совуқда ўлган камбағал эсимга тушиб кетди.
Совуқ кечада бир бой уйи олдида қари камбағални учратибди ва сўрабди: “Совуқ бўляпти, иссиқ кийиниб олмадингизми?”. Камбағал: “Менда иссиқ кийимлар йўқ, бунга аллақачон ўрганиб қолганман...” дебди. Бой “Шу ерда туринг, сизга иссиқ кийим олиб чиқаман” дебди. Камбағал жуда хурсанд бўлиб, шу ерда кутишини айтибди. Бой уйига кириб ўз ишларига чалғибди ва камбағални унутибди. Тонгда эса берган ваъдаси эсига тушиб, югуриб кўчага чиқибди. Афсуски, у камбағални совуқдан ўлган ҳолда топибди.
У камбағал одамнинг олдидан бир қоғозга ёзилган кичик хатни топибди. Хатда шундай ёзилган эди: “Мен иссиқ кийимларим йўқ пайти совуқ билан курашиш кучига эга эдим. Чидамли эдим. Чунки бунга ўрганган эдим. Аммо сизни ваъдангизга ишониб қолдим ва курашиш кучимни йўқотдим! Бажара олмасангиз ваъда берманг, илтимос!

Масъулларнинг қишга тайёргарлик борасидаги ёлғон ваъдасига ўрганиб қолганмиз. Ҳеч бўлмаса, халққа электр, газ қачон ёниб, қачон ўчиши ҳақида олдиндан хабар беришса, одамларнинг ўзи қишга яхшироқ тайёргарлик кўришармиди.

Мавриди келганда айтай шу йил “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан вилоятдаги ҳар бир туман ва шаҳарда ОАВ вакиллари учун пресс-тур ўтказилиб, қишга “зўр” тайёргарлик кўрилгани, электрдан муаммо бўлмаслиги ҳақида ўнлаб қоғоз ҳисобот берилди. Афсуски, айни пайтда электр энергиясида кузатилаётган узилишларни кўриб турибмиз, “эссиз ёз бўйича қилинган шунча пресс-тур ва тадбирбозликлар” дегим келади.

“Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали масъулларининг ишига ҳам шундай баҳо берса бўлади. Мисол учун, яқинда ўзим билган ҳудудда аҳолига маиший газ баллонлар тарқатилди. Лекин аксарият фуқаролар бир ҳафта ўтмай, баллондаги газ тугаганидан шикоят қилди. Бу аҳолига тарқатилаётган газ баллонига белгиланган миқдорда газ солинмаганини кўрсатади. Ваҳоланки, маиший газ баллонлари икки ойда бир марта бериляпти. Уни ҳам аҳоли баъзида қачон тарқатилганини ё билади ёки йўқ.
Вилоятдаги ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳақида умуман гапирмаса ҳам бўлади. Бу борада вилоятдаги тегишли масъуллар бирор марта анжуман ўтказиб, келаётган совуқларда ҳайдовчиларни нима кутаётгани, муаммоларга қарши қандай чоралар кўрилаётгани ҳақда маълум қилганини эслолмайман. Йил бўйи бирор бир масъул ёки мутасадди ташкилот матбуот анжумани, брифинг ёки йиғилиш қилиб, жамоатчиликка маълумот берганини билмаймиз.

Фазлиддин Рўзибоев.