Қатағон қурбони: Ёш халқ терговчиси нега қамалган эди?

1937 йил сентябрь ойида Самарқанд вилоятининг Митан туманидаги 75-участка халқ терговчиси Отабой Каримов Ўзбекистон ССР прокурори номига ёзган аризасида ўзини ҳозир ишлаб турган жойидан бошқа ҳар қандай туманга тайинлашини илтимос қилган эди.

Бунинг асосий сабаби қилиб аризада НКВДнинг Митан тумани бўлими бошлиғи Федяев, ушбу бўлим ходими Содиқов, уларга яқиндан ёрдам бераётган туман ўт ўчириш бўлими раҳбари Рахматуллин билан умуман ишлаб бўлмаслиги кўрсатилган эди. Бундан ташқари, Федяев томонидан бегуноҳ кишиларнинг аксилинқилобий фаолиятда айбланиб, ҳибсга олинаётгани, одамларни қўрқитиш йўли билан порахўрлик қилаётгани далиллар орқали билдирилганди. Бундай ёзишмалар икки-уч ой давомида 57 саҳифани ташкил этди. Лекин республика прокурори Шейндлин аризаларни текшириш учун одам юбориш ўрнига, уларни эътиборсиз қолдирди. Бу ҳол НКВДнинг Митан тумани бошлиғига ва ёрдамчиларига прокуратура ходими устидан турли маълумотларни тўплаш ҳамда уни айбдор қилиш учун катта имконият яратди.

Мана, унинг устидан ҳибсга олишгунига қадар тўпланган ҳужжатлар ва кўрсатмалардан айримлари:

“Халқ терговчиси Отабой Каримов Митан қишлоқ кенгаши ҳудудидаги «Оқдарё» колхозида вакил бўлган пайтида бу хўжаликда пахта топшириш режасини барбод қилган. Унинг дўстлари – раис Эргаш Омонов, ўринбосари Р.Синдоров, хўжалик ишлари бўлим мудири Н.Ўроқов НКВДнинг туман бўлими томонидан ҳибсга олингач, О.Каримов раис вазифасига каттақўрғонлик қулоқнинг қизи Ёқубова деган аёлни тайинлатди” (туман ер-сув бўлимининг бошлиғи Ғ.Султонов кўрсатмасидан).

«Халқ терговчиси О.Каримовга мен пахта экилган майдонларни вақтида суғормаган ва ишлов бермаган, деб бир нечта кишилар устидан жиноий иш қўзғаш учун ҳужжатлар тўплаб топширганман. Лекин Каримов бу одамларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмади. Туман ижроия қўмитаси ҳайъатида уни ишдан олишни таклиф қилганман. Аммо ижроия қўмита раиси И.Тожибоев Каримовни ҳимоя қилди. У ҳатто ҳозир туман прокурори вазифа­сини бажармоқда» (гувоҳлардан бирининг НКВДда 1938 йил 10 январда берган кўрсатмасидан).

«Бир кун мен 1-МТС директори Жамол Самадов столи устида ўндан зиёд одамлар исми-шарифи ёзилган рўй­хатни кўрдим. Булар кимлар, деб сўрадим. Булар НКВД томонидан ноҳақ айбланганлар, деб жавоб берди у. Халқ терговчиси Каримов ҳам шу ерда эди» (туман ер-сув бўлимининг бошлиғи Ғ.Султонов кўрсатмасидан).

Мана шундай кўрсатмалар туфайли Отабой Каримов устидан даста-даста ҳужжатлар тўплангач, НКВД хо­димлари ишга киришди. 1938 йил 23 январда Ўзбекис­тон ССР НКВДсининг Самарқанд сектори бошлиғи, давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Калмиков имзоси билан шундай қарор қабул қилинади:

«Мен, ЎзССР НКВДси Самарқанд сектори бошлиғи, давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Калмиков Митан тумани халқ терговчиси бўлиб ишлаётган фуқаро Каримовга нисбатан очилган тергов ҳужжатларини кўриб чиқиб ва бу материаллар уни аксилинқилобий-қўзғолончилар гуруҳига мансуб эканлигини тўлиқ фош этишини, яъни у томонидан ЎзССР Жиноят кодексининг 57-1 ва 67-моддаларида кўзда тутилган жиноятлар содир қилинганлигини эътиборга олиб ҳамда ЎзССР Жиноят-процессуал кодексининг 49-моддасига асосланиб қарор қилдим:

Фуқаро Каримов жиноий жавобгарликка тортилиб, ҳибсга олинсин, хонадонида тинтув ўтказилсин. Терговдан ва суддан бўйин товламаслиги учун эҳтиёт чораси сифатида ЎзССР НКВДси Самарқанд сектори ҳибсхонасида сақлансин».

24 январь куни унинг бу қарорини О.Каримовнинг ўз номига ёзган аризаларига эътибор бермаган республика прокурори Шейндлин дарҳол тасдиқлаб беради. Шундай қилиб, ўша «катта қирғин» йиллари юртимизда ўн минглаб бегуноҳ кишилар бошига аёвсиз кулфатлар ёғдирган НКВДнинг қирғин машинасига қарши чиқмоқчи бўлган Митан тумани прокуратураси терговчиси, 27 ёшли Отабой Каримов 1938 йил 24 январь куни иш жойида НКВДнинг Митан тумани бўлими ходими Содиқов томонидан ҳибсга олинади.

У 1911 йилда Жиззах туманининг Хайробод қишлоқ кенгаши ҳудудидаги Шарлок қишлоғида туғилган эди. Қамоққа олинган пайтида қарамоғида 22 ёшли хотини Майрамхон, икки ойлик қизчаси Мамлакат, 43 ёшли онаси Янгиш опа ва 86 ёшли бувиси Олтин момо бўлган. Юқорида айтганимиздек, унга нафақат қандайдир аксилинқилобий қўзғолончилар гуруҳига аъзолик, балки ушбу ташкилотга янги одамларни жалб этганлик, гуруҳ раҳбарлари топшириғи билан аксилинқилобчиларни фош этмоқчи бўлган колхозчиларни таъқиб қилган, деган айблар ҳам қўйилади.

1938 йил 4 февраль куни у билан ЎзССР НКВДси Самарқанд сектори 4-бўлими тезкор вакили Рибянетс биринчи сўроқни ўтказади.

Савол: Сиз Митан туманида мавжуд бўлган аксил­инқилобий-миллатчиларнинг қўзғолончи гуруҳи аъзоси сифатида ҳибсга олингансиз. Айтингчи, ушбу ташкилотга қачон ва ким томонидан жалб этилгансиз?

Жавоб: Ҳеч ким ва ҳеч қачон мени бундай ташкилотга жалб этмаган. Ҳеч қачон бундай ташкилотга аъзо бўлмаганман.

Орадан кўп ўтмай худди шундай сўроқни НКВДнинг Митан тумани бўлими бошлиғи Содиқов ўтказади. У ҳам айнан шу жавобни олади. 28 март куни ушбу бўлим бошлиғи Федяев томонидан ўтказилган сўроқда у ўзига қўйилаётган айбларни илк марта «тан олишга» мажбур бўлади.

Савол: Сиз тумандаги мавжуд аксилинқилобий ташкилот аъзоси бўлганлигингизни тан оласизми? 

Жавоб: Такрор айтаман, мен ҳеч қандай аксилинқилобий ташкилот аъзоси бўлган эмасман.

Савол: Ёлғон айтяпсиз. Сизга ушбу ташкилот раҳбарларидан Жуманиёз Матниёзовнинг кўрсатмаларини ўқиб бераман. Бундан ташқари, 1-МТС директори Жалол Самадов ҳам буни тасдиқлайди...

Ана шу сўроқда у ўзига қўйилган бундай «айблов»ларни илк марта тан олишга мажбур бўлади. Отабой Каримовга бундан ташқари «аксилинқилобий гуруҳ» аъзоларидан яна ўн тўрт кишининг исми-ша­рифи ёзилган рўйхатга ҳам қўл қўйдиришади. Уларнинг барчаси НКВД томонидан аллақачон ҳибсга олинган кишилар рўйхати эди. У, шунингдек, ўзи томонидан аксилинқилобий ташкилот сафига тумандаги 1-МТС бухгалтери И.Пўлатов ва Ежов номидаги колхознинг хўжалик мудири Амир Қиличев тортилганини ҳам «тан олади»...

Савол: Аксилинқилобчилар гуруҳининг қайси йиғилиш­ларида шахсан иштирок этгансиз ва уларда нималар муҳокама қилинган? 

Жавоб: Мен аксилинқилобий гуруҳ йиғилишларида бирор марта ҳам иштирок этган эмасман. Умуман, бундай йиғилишлар бўлгани ҳақида эшитганим йўқ. Ташкилотнинг бошқа аъзолари ҳақида ҳам ҳеч нарса билмайман. Шунинг учун фақат ўзим тўғримда гапиришим мумкин...

Шу ерда бир савол туғилади. Нега икки ойдан зиёд вақт давомида ўзига қўйилаётган айбларнинг бирортасини ҳам тан олмаган Отабой Каримов март ойининг охирларига келиб уларни тан ола бошлади. Бунга жавобни у ҳибсхонада туриб, ЎзССР Ички ишлар халқ комиссари ва ЎзССР прокурори номига ёзган ҳамда қандайдир йўллар билан чиқарган хатларидан топса бўлади. Бу мактублар кейинчалик (1939 йилда) унинг «жиноий иши»га тикилган эди. Маълумки, 1937 йил сентябрь-октябрь ойларида ЎзССР прокурори номига ёзган аризасида Митан туманида «аксилинқилобий фаолиятда» айбланиб, кўплаб бегуноҳ кишилар НКВД томонидан ҳибсга олинаётганини ёзган эди. Бундан ташқари, ушбу ташкилотнинг туман бўлими бошлиғи Федяев, ходими Содиқов, уларнинг кўмакчиси Рахматуллин билан ишлашнинг ҳеч иложи қолмаганини билдириб, ўзини бошқа туманга кўчиришни илтимос қилганди. Лекин энди унинг ишини тергов қилиш айнан ана шу кишиларга топширилади. У республика прокурори номига ёзган хатида ўзининг тинимсиз жисмоний ва руҳий азобларга дучор қилинаётганини баён этади. Бунинг натижасида соғлиғи кундан кунга ёмонлашаётганлигини билдиради. Отабой Каримов Ўзбекистон ССР НКВДсининг Самарқанд сектори ҳибсхонасида Федяев, Содиқов, Рахматуллинлар томонидан 1938 йил 30 ва 31 март кунлари ўтказилган сўроқ давомида қаттиқ калтакланганлигини, яна 4 апрель куни НКВД туман бўлими ходими Содиқов уни мажбурлаб турли тўқилган кўрсатмаларга имзо чектирганлигини ёзади.

Лекин бу гал ҳам ушбу аризалар республика прокурори томонидан эътиборсиз қолдирилади. Мана шу жисмоний ва руҳий тазйиқлар туфайли у бир неча марта ҳибсхонадаги касалхонага ётқизилади. 1938 йил 16 майда Ўрта Осиё Ҳарбий округи ҳарбий прокурори ўринбосари Бударгин 12 кишининг  (Митан туманидан) жиноий ишини кўриб чиқиш учун СССР Олий Судининг ҳарбий коллегиясига ўтказиш ҳақида қарор қабул қилади. Уларнинг барчасига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 57-1, 58, 63, 67-моддалари қўлланилган эди.

Бу рўй­хатда Отабой Каримовнинг ҳам номи бор эди. Лекин негадир ўша йилнинг октябрь ойида рўйхатдаги бошқа кишилар устидан ўтказилган суд жараёнида (агар шундай деб аташ мумкин бўлса) у қатнашмайди. Эҳтимол, аҳволи оғир­лашиб, касалхонада ётганлиги сабаблидир. Бунга исботни эндиликда Федяевнинг ўрнига келган давлат хавфсизлиги сержанти Чернихнинг Отабой Каримовга нисбатан олиб бораётган терговни унинг касаллиги туфайли 1939 йил 18 январдан эътиборан вақтинча тўхтатиш ҳақидаги қароридан ҳам топса бўлади.

Шунингдек, 1938 йил куз ойларида «Митандаги аксилинқилобий-миллатчилар гуруҳи аъзолари» деб топилган яна ўттиз кишининг иши Самарқанд вилоят судининг махсус коллегияси томонидан кўриб чиқилди. «Қовун қовундан ранг олар», деганларидек ушбу «махсус коллегия» ўзларининг СССР Олий Суди Ҳарбий коллегияси «учлиги»даги ҳамкасбларидан қолишмасликка ҳаракат қилди. «Аксилинқилобий гуруҳ аъзоси», деб топилган Митан тумани ижроия қўмитаси умумий бўлим мудири Гамир Муҳиддинов 20 йилга, коммунал хўжалиги бошлиғи Турум Шайланов 25 йилга, туман пиллачилик идораси бошлиғи Қудрат Худоё­ров 15 йилга, Митан МТСнинг бухгалтери Сирож Муслимов 15 йилга, марказий магазин директори Махамат Қўлдошев 20 йилга, туман мактаб­ларидан бирининг ўқитувчиси Сагит Тарзиев 15 йилга, мактаб директори вазифасини бажарган Исмоил Абдулатипов 15 йилга қамоққа юборилди. Қолганларининг қисмати ҳам шу тариқа ҳал этилди.

Бу «жиноий иш» нечоғлик тўқиб-бичилганини шундан ҳам кўриш мумкинки, Отабой Каримов билан унга қарши кўрсатма берганларнинг бирортаси юзлаштирилмайди. Эҳтимол, НКВД ходимлари бу юзлаштиришлар оқибатида прокуратура терговчиси бўлиб ишлаган О.Каримов уларнинг тўқиган туҳматларини бошқалар олдида ҳам фош этиб ташлашидан чўчишгандир...

Лекин кўп ўтмай бунга ҳожат ҳам қолмайди. Тергов материалларига тикилган ва НКВДнинг Самарқанд сектори ички турмаси касалхонасининг бош врачи имзо чеккан ҳужжатда айтилишича, Отабой Каримов 1939 йил 13 апрелда вафот этган. Ўлимининг сабаби қилиб қандайдир юқумли касаллик кўрсатилган. Лекин аслида-чи? Унинг беш-олти ойлаб ҳибсхона касал­хонасида ётиши ва охир-оқибатда вафот этишининг асосий сабаби НКВД­нинг ертўлаларида еган калтакларию бошқа азоблари бўлмадимикан?!

Ҳарқалай эндигина 28 ёшга кирган, куч-қувватга тўлган, билимли терговчини қатағоннинг қонли сурони шу тариқа ўз домига тортган эди.

Музаффар МУҚИМОВ.