Агар одам ҳар куни асал истеъмол қилса нима бўлади?

Асални мунтазам равишда истеъмол қилиш танага кўп фойда келтириши мумкин, аммо ҳар қандай нарсада бўлгани каби, бу ерда ҳам меъёр муҳим. Хўш, ҳар куни асал еган инсон танасида қандай ўзгаришлар содир бўлар экан?
Иммунитет ошади
Антиоксидантларга бой ва микробларга қарши курашиш хусусиятлари туфайли асал иммунитет тизимини мустаҳкамлайди ва танани инфекциялар ва касалликлардан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Таркибидаги С витамини, флавоноидлар ва фенол кислоталари вирус ва бактерияларга қарши курашади.
Овқат ҳазм қилишни яхшилайди
Пребиотик хусусиятларга эга маҳсулот ичакларда фойдали бактерияларни кўпайтириш орқали овқат ҳазм қилишни яхшилашга ёрдам беради.
Стресс даражасини пасайтиради ва уйқуни яхшилайди
Бир чой қошиқ асал танадаги серотонин ишлаб чиқаришни рағбатлантиради, кейинчалик бу модда уйқуни тартибга солиш учун масъул бўлган мелатонинга айланади. Илиқ сутга аралаштириб ичилган асал уйқуни яхшилаш ва ташвишларни камайтириш учун анъанавий воситадир.
Юрак ишига ижобий таъсир кўрсатади
Асал таркибидаги антиоксидантлар қон айланишини яхшилайди, юрак ва қон томирлари учун фойдалидир. Айниқса, антиоксидантларга бой қуюқ навлар ҳужайралар шикастланишидан ҳимоя қилади.
Тери саломатлигини қўллаб-қувватлайди
Фойдали намлантирувчи ва антибактериал хусусиятлари туфайли асал билан тайёрланган ниқоблар терини намлайди, яллиғланишни камайтиради ва кичик яраларнинг тезроқ битишига ёрдам беради.
Фаоллик ва чидамлилик
Бир қошиқ асал машқ қилишда чидамлиликни оширади ва спорт фаолиятини яхшилайди. Таркибидаги фруктоза ва глюкоза каби табиий шакарлар организм томонидан тез сўрилади ва энергия беради. Бу эса асални жисмоний фаолиятдан кейин кучни тиклаш учун ажойиб маҳсулотга айлантиради.
Мумкин бўлган хавфлар
Соғлиқ учун фойдали жиҳатлари кўп бўлишига қарамай, асал шакар ҳисобланиши ва уни ортиқча истеъмол қилиш семизлик ва қондаги шакарнинг кўтарилиши каби бошқа соғлиқ муаммоларига олиб келиши мумкинлигини ёдда тутиш керак.
Қандли диабетга чалинганлар ушбу табиий маҳсулотни шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда эҳтиёткорлик билан истеъмол қилишлари лозим.