Салкам бир асрлик тажриба: Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти 95 ёшда

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ташкил этилганининг 95 йиллиги муносабати билан ушбу нуфузли олий таълим муассасасида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Қарийб бир асрлик тарихга эга бўлган таълим даргоҳи юбилейи нафақат институт жамоаси, балки мамлакатимиз таълим тизими, иқтисодиёт ва сервис соҳалари учун ҳам муҳим воқеа сифатида нишонланди.

Тантанали тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари У.Саломов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Тўхтаев, республикадаги олий таълим муассасалари ректорлари, хорижий ҳамкор ташкилотлар вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Анжуманда сўзга чиққанлар институт жамоасини 95 йиллик қутлуғ сана билан қутлаб, таълим муассасасининг мамлакатимиз олий таълим тизимида тутган ўрни, илм-фан ва таълим ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида тўхталдилар. Таъкидланганидек, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўзининг қарийб бир асрлик фаолияти давомида иқтисодиёт, савдо, хизмат кўрсатиш, туризм ва тадбиркорлик соҳалари учун минглаб юқори малакали мутахассисларни тайёрлаб берган.

Анжуман қатнашчилари институтнинг бугунги тараққиёт босқичи, замонавий таълим дастурлари, халқаро ҳамкорлик алоқалари, илмий салоҳияти ва келгусидаги стратегик ривожланиш йўналишларини алоҳида эътироф этди. Айниқса, хорижий университетлар билан амалга оширилаётган қўшма дастурлар, академик алмашинувлар ва илмий лойиҳалар таълим сифатини янада юксалтиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Халқаро анжуман доирасида институтнинг бой тарихи, босиб ўтган тараққиёт йўли ва эришилган ютуқларини намоён этувчи кўргазма ташкил қилинди. Кўргазмада таълим муассасасининг ташкил топишидан бугунги кунгача бўлган тарихи бир неча даврларга ажратилган ҳолда ёритилди. Жумладан, 1931–1942, 1943–1962, 1963–1981, 1982–1990, 1991–2003, 2004-2014 ва 2015 йилдан бугунги кунгача бўлган босқичлар махсус саҳналаштирилган чиқишлар, архив ҳужжатлари, фотосуратлар ва экспозициялар орқали намойиш этилди.

Шунингдек, институтнинг илмий-маърифий фаолияти, таълим жараёнидаги ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик натижалари ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ютуқлари ҳақидаги маълумотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Кўргазма институтнинг қарийб бир асрлик илмий ва маънавий меросини яна бир бор намоён этиб, иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди.

Институт тарихидаги эътиборли жиҳатлардан бири шундаки, Ўзбекистон халқ шоири ва таниқли адиб Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек Самарқанд мамлакат пойтахти бўлган йилларда мазкур таълим муассасасида фалсафа фанидан дарс берган. Бу эса институтнинг нафақат иқтисодий таълим, балки мамлакат маънавий ҳаёти билан ҳам узвий боғлиқ эканини кўрсатади.

Таъкидланганидек, институт турли йилларда халқ хўжалиги учун товаршунослар, ҳисобчилар ва иқтисодчилар тайёрлаб берган. Мураккаб ижтимоий-иқтисодий даврларда ҳам таълим ва илмий фаолият узлуксиз давом эттирилган. Хусусан, мустақилликнинг илк йилларида талабалар қабули чекланган бўлишига қарамай, институт олимлари ва устозлари соҳа учун кадрлар тайёрлашни изчил давом эттирган.

Институт ректори Муҳиддин Пўлатовнинг айтишича, бугунги кунда институт иқтисодиёт, туризм ва сервис соҳалари учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлашда етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, дуал таълим тизимини республикада биринчи бўлиб жорий этган олийгоҳлардан бири сифатида талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Меҳмонхона бизнеси ва сервис соҳаси учун кадрлар тайёрлашда мазкур тажриба самарали натижалар бермоқда.

— Мен шу даргоҳда таҳсил олганимдан фахрланаман, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Шарипов. — Бугун мамлакатимизда фаолият юритаётган кўплаб таниқли тадбиркорлар, раҳбар кадрлар ва иқтисодчилар айнан шу олийгоҳ битирувчилари экани институт нуфузининг яққол далилидир.

Анжуман якунида меҳмонлар институт жамоасига самимий табриклар йўллади, сўнгра таълим муассасасининг ривожига муносиб ҳисса қўшган устоз ва фахрийларга эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар топширилди.