10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун
Серқуёш, ҳур ўлкам...
Ана шу сўзлар билан бошланадиган Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинганлигига 29 йил тўлди.
“Давлат суверенитети рамзи бўлган мадҳия матни Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов томонидан ёзилган. Унга Ўзбекистон халқ артисти Мутал Бурхонов мусиқа басталаган”.
Аксарият ҳолларда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган ахборот мазмунан қисқача ана шундай сўзлардан иборат бўлади. Аслида-чи? Давлат мадҳиясини яратиш зарурати қачон пайдо бўлган, уни амалга ошириш жараёни қандай кечган?
Бу саволлар кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз.
1992 йил 10 декабрда ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Олий Кенгаши ўн биринчи сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганда бунинг учун қандай машаққатлар чекилгани фақатгина саноқли одамларгагина маълум эди. Ҳали Ўзбекистон мустақилликка эришмай туриб Давлат мадҳиясини яратиш белгилаб олинганини ҳам уларгина яхши эсларди.
1990 йилнинг 24 мартида Ўзбекистон Олий Советининг биринчи сессияси ўз ишини бошлади. Сессияда иттифоқдош республикалар орасида Ўзбекистонда биринчи бўлиб Президентлик лавозимини жорий этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Сессия Ислом Каримовни Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлади. Олий Совет қарори билан Маданият, фан, халқ таълими ва маданий меросни асраш қўмитасига Ўзбекистон Республикаси янги мадҳиясининг матни ва мусиқасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Бу ҳаракат ҳали СССР деган қудратли, "қиличидан қон томган" давлат барқарор бўлиб турган пайтда жуда катта жасорат эди. Мустақилликкача эса ҳали йўл анча олис, бир ярим йил бор эди...
1990 йилнинг декабрида қўмита томонидан Давлат мадҳияси матни ва мусиқаси бўйича танлов эълон қилинди. Низомга кўра, танловда иштирок этувчи ижодкорлар яширин имзо – тахаллус билан қатнашишлари шарт қилиб қўйилган эди.
1991 йил 5 апрель куни қўмитанинг Пиримқул Қодиров раислик қилган йиғилишида фақат битта “Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси” учун тақдим этилган шеърларни саралаш” масаласи кўрилди. Йиғилишда 90 га яқин тахаллуслар билан қатнашган шоирларнинг 12 та шеъри кейинги босқич учун танлаб олинди.
Орадан икки ой ўтгач, давлат мадҳияси мусиқаси учун тақдим этилган асарлар танлови ҳам ўтказилди. Танловда 30 га яқин мусиқий асарлардан биронтаси ҳам комиссия аъзоларига тўла маънода маъқул келмади. 2 та мусиқий асар эса қайта ишлаш шарти билан иккинчи турга ўтказилди. Йиғилиш якунида таниқли мусиқашунослар фикрига таянилиб, ҳозиргача жаранглаётган Мутал Бурхонов асарини янги мадҳияга асос қилиб олиш фикри маъқулланди.
1992 йилнинг октябрь ойида шеър танлаш бўйича иккинчи босқич йиғилишида тахаллусларнинг “сири” очилиб, ғолиб шоирлар исм-фамилияси аниқ бўлди. Қўмита қарорига биноан Абдулла Орипов Мутал Бурхонов мусиқасига мослаб янги шеър ёзиб берди. Натижада навбатдаги сессияга Абдулла Орипов шеъри ва Мутал Бурхонов мусиқаси, Мирпўлат Мирзо шеъри ва Рустам Абдуллаев мусиқаси, Абдулла Орипов шеъри ва Бахтиёр Алиев мусиқаси тақдим этиладиган бўлди.
1992 йил 8 декабрда бошланган ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Олий Кенгаши ўн биринчи сессиясининг дастлабки кунида Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси қабул қилинди. Сессиянинг учинчи куни – 10 декабрда эса мустақил Ўзбекистоннинг Давлат мадҳияси вариантлари депутатлар ҳукмига ҳавола этилди. Овозга қўйиш жараёнида А.Орипов ва М.Бурхонов варианти депутатлар томонидан тўла маъқулланди.
Давлат мадҳиясини тасдиқлашдан олдин сессияда сўз олган Президент Ислом Каримов ижодий гуруҳга ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бир таклифни ўртага ташлади: “Назаримда, мадҳия ижросини бироз аёл овози босиб кетгандек. Уни мардона, эркак овози билан кучайтириш керак”. Нозик дид ва синчковлик билан айтилган бу сўзлардан кейин мадҳия ҳозирги ҳолатга келтирилади. Бугун мадҳиямиз баралла куйланганда унинг мардона жаранглашидан қалбимиз бениҳоя фахр ва ғурурга тўлади.
Иззатулла Норқувватов.