101 нафар ватандошимиз жасорати ҳақида фильм яратилади

Шу муносабат билан Самарқанд шаҳрида голландиялик тадқиқотчилар ҳамда кино усталари иштирокида тадбир бўлиб ўтди.

Унда голландиялик тадқиқотчи Ремко Рейдинг бундан йигирма йил аввал Амерсфорт шаҳри яқинидаги совет қабристони ҳақида эшитгани, қабристонда 865 нафар совет аскари кўмилгани, улар орасида 101 аскарнинг шахсияти ва исмлари йўқлиги, “Номаълум совет жангчиси“, деган битик туфайли Ремко бу воқеа юзасидан архив маълумотларини ўргана бошлаганини айтди.

- 18-34 ёш оралиғида бўлган бу ўзбек аскарлари 1941 йилнинг 10 июлида Смоленск яқинида асир олинган, - дейди Р.Рейдинг. - 10 июлда улар Смоленск шаҳрига келган. 10 сентябргача урушда қатнашиб, фашистларга асирга тушиб қолган. 27 сентябрда Голландияга, Амерсфортга келтирилган. Улар 1942 йилнинг 9 апрель тонгида концлагер яқинидаги ўрмонга олиб чиқиб, отиб ташланган... 101 нафар ўзбек йигитлари ўзларининг мардлиги, жасорати билан голландияликлар қалбидан жой олганки, ҳозиргача Амерсфорт шаҳри яқинидаги ўрмонда ҳар баҳор юзлаб голландлар тўпланишади ва улар 9 апрель, тонг саҳар ўрмонда 101 та шам ёқишади. Ҳозирда бу аскарлар қатл этилган ўша жойда махсус ёдгорлик – “Monument Koedriest” ўрнатилган.

Тадбир давомида кино яратишдан аввал 101 нафар аскарнинг айримлари ҳақида вилоятимиздаги архив идораларидан маълумотлар олиш, фильмда имкон қадар ҳаётий эпизодларни акс эттириш борасида ҳам келишиб олинди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.

Акрам БЎРИЕВ.