Тафаккур чорраҳаси: Билимдонлик сари илк қадам қаердан бошланади?

Аслида, ҳар қандай буюк зафарлар, оламшумул кашфиётлар ва юксак марралар биргина кичик, аммо қатъий қадамдан бошланади.

Халқимизда “Билим — саодат калити” деган чуқур маъноли ибора бор. Бу калитни қўлга киритиш эса мактаб партасидан, илк сабоқлардан ва энг муҳими, билишга бўлган иштиёқдан бошланади.
Ёш авлод қалбида илмга муҳаббат уйғотиш учун фақатгина назарий билимлар кифоя қилмайди. Бугунги таълим тизимида ўқувчиларни изланишга, мантиқий фикрлашга ва жамоада ишлашга ўргатадиган интеллектуал ўйинларнинг ўрни беқиёс. Бундай тадбирлар шунчаки мусобақа эмас, балки боланинг ўз иқтидорини намоён этиши учун ўзига хос “синов майдони”дир.

Ушбу йўналишда Самарқанд шаҳридаги 24-умумтаълим мактабида олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Мактабда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида ўтказиб келинаётган тадбирлар аллақачон гўзал анъанага айланган.
Яқинда мактабнинг 1-4-синф ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган “Заковат” интеллектуал ўйини бу фикрнинг яққол исботи бўлди. Кичик ёшдаги мактабдошларнинг мураккаб саволларга тез ва аниқ жавоб топиши залдагиларни ҳайратга солди. Тадбирда ўқувчилар нафақат билимларини, балки бир-бирини тинглаш ва қўллаб-қувватлаш қобилиятини ҳам намойиш этишди. Шунингдек, ғолиб жамоаларнинг тақдирланиши болаларда келгуси ғалабаларга нисбатан кучли мотивация уйғотди.

Бошланғич синф ўқувчилари ўртасида бундай танловларни ўтказиш шунчаки ўйин эмас. Бу орқали боланинг хотираси ва мантиқий фикрлаши ривожланади, омма олдида сўзлаш ва ўз фикрини ҳимоя қилиш кўникмаси шаклланади, китоб ўқишга ва янги маълумотларни излашга бўлган қизиқиши ортади.
Бу жажжи заковатчилар эртага юртимиз равнақига ҳисса қўшадиган олимлар, муҳандислар ва раҳбарлар бўлиб етишади. Самарқандлик ёш билимдонларнинг бугунги кичик ғалабалари катта порлоқ келажакнинг дебочасидир. Зеро, билимли авлод қудратли давлат пойдеворидир!

Сохиба Сайфиева,
Шаҳноза Сайфиддинова,
Самарқанд шаҳар 24-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари.