“101 рейс” ҳаётий воқеага асосланган фильм

Фильм 2001 йил 11 сентябрь куни Нью-Йоркда амалга оширилган террористик ҳужумлардан сўнг Ўзбекистон авиакомпаниясига тегишли “Боинг-757” самолёти 101-рейс экипажи кўрсатган қаҳрамонлик ҳақида ҳикоя қилади.

Эътиборлиси, ушбу фильм 6 июндан Самарқанд шаҳридаги “Шарқ юлдузи” кинотеатрида намойиш этилмоқда.

- Бу фильм кейинги йилларда ўзбек киносига бўлган эътиборнинг меваси, - дейди кинометография агентлиги вилоят бўлими раҳбари Фармон Розиқов. –  Ҳаётий воқеаларга асосланган, сюжети ўткир, актёрлар ижроси ўзига хос. Фильм томошабинларда яхши таассурот қолдиряпти.

11 сентябрь воқеалари ҳақида гапирган кишининг эти жунжикиши тайин. Энди ушбу ҳодисанинг марказида, самода бўлиш ва икки юзга яқин инсоннинг ҳаёти, жавобгарлиги сенинг бўйнингда бўлса-чи?

Теракт оқибатида АҚШ ҳаво йўллари мамлакатга кириб келувчи ҳар қандай самолёт учун тезда ёпилган ва ўша санада Нью-Йоркка қўниши керак бўлган 101-рейс лайнери икки томонидан қирувчи самолётлар билан ўраб олинган. Шундан сўнг экипаж йўналишини Канада томон ўзгартиришга буйруқ олган. Йўналиш ўзгартирилмаса, қирувчи самолётлар билан уриб туширилиши мумкин эди. Бортида 180 нафар йўловчи ва 13 нафар экипаж аъзоси бўлган ушбу рейс Шимолий Америка ҳаво ҳудудида мураккаб вазиятга дуч келган: самолёт ёнилғи етмаслиги сабаб энг яқин аэропортга ҳам етиб бора олмаслиги маълум бўлади ва 101-рейс капитани Зариф Саидазимов барча масъулият ва жавобгарликни ўз зиммасига олиб, таваккал қилади.

Воқеалар ривожи қандай тус олганини фильмни томоша қилиш орқали билиб олиш мумкин.

- Ҳаётий воқеалар асосида олинган фильмларга қизиқаман, - дейди  Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти талабаси Меҳриддин Муҳиддинов. - Бундай воқеаларни авваллари фақат “Голливуд” фильмларида кўрардим. Аммо бу фильмдаги воқеалар анчайин табиий чиққан.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ёшлик” киностудиясида суратга олинган. Ушбу фильм устида 4 йилдан ортиқ вақт мобайнида 700 нафардан зиёд мутахассис иш олиб борган.

Постановкачи режиссёр Акром Шоҳназаров, бош продюссер Равшан Норбоев, бадиий раҳбар Эркин Аъзам. Бош ролларда Ҳошим Арслонов, Умид Искандаров, Олег Галахов, Лола Элтоева, Фарҳод Абдуллаев, Муқаддас Холиқова, Нигина Анарбоева иштирок этган.