144 киши экин экишга ҳафсала қилмаётганини тан олди

Эҳтимол, бу сон агар сўровни кўпроқ тарқатганимизда янаям ошармиди? Гап шундаки, яқинда Zarnews.uz сайтида «Томорқангизда экин экишда қандай муаммоларга дуч келяпсиз?» деган савол билан сўров эълон қилгандик. Унда турли жавоблар орасида «экин экишга ҳафсала қилмаяпмиз», деган варианти ҳам бўлиб, айнан шу жавобни танлаганлар 144 нафарни ташкил қилди. Бу - жавоблар орасидаги энг паст кўрсаткични ташкил қилади, яъни тўққиз фоиз иштирокчилар ҳафсаласизлик қилаётганини тан олган.
Саволга жавоб берганларнинг катта қисми, яъни 35 фоизи (бу ўртача 545 кишини ташкил қилади) сув масаласи муаммо эканини айтган. Ушбу жавоб мутасадди идораларнинг эътиборини тортса ажабмас. Сабаби, томорқадан фойдаланилмаяпти, деб фикр билдиришдан олдин баъзи муаммоларга ечим ҳам топиш лозим.
Экин экиш учун уруғлик олишга қийналаётган оилалар ҳам бор экан. Сўровда иштирок этганларнинг 22 фоизи шу жавобда тўхталган. Сабзавот, картошка уруғлари, мевали дарахтлар кўчатлари тарқатилаётгани ҳақидаги хабарларни ҳар куни кузатиб бормоқдамиз.
Мисол учун Нуробод туман ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан бирида шундай маълумотлар келтирилган: «Нуробод тумани ҳокимлигининг маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2400 та мевали дарахт кўчатлари ва 1500 килограмм картошка уруғи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга шахсий томорқаларидан унумли фойдаланиши учун бепул тарқатилмоқда».
Бундай ҳаракатларнинг бошқа туманларда ҳам қулоч ёзгани ижобий ҳолат сифатида баҳоланмоқда. Қолаверса, кам таъминланган оилалар учун бу каби ёрдам ўз аҳволини тиклаш учун ўзига хос инвестиция ҳамдир.
Сўралганларнинг 14 фоизи эса томорқаси бору, аммо меҳнат қиладиган одам йўқлиги муаммо бўлаётганини билдирган жавобни танланган. Ушбу масалада яқинда «Иштихон овози» газетасининг телеграм каналида шундай хабар берилди. «Эл дастурхонининг тўкин бўлишида шахсий томорқалардан унумли фойдаланишнинг аҳамияти катта. Ҳозир томорқага турли полиз ва сабзавот экинлари экишнинг айни палласи. Аммо ҳамма ҳам бунинг уддасидан чиқавермайди. Айниқса, якка-ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган кишилар бу борада бир оз қийналиб қолишлари аниқ.
Кўктепа маҳалласида истиқомат қилувчи 1996 йилда туғилган бир гуруҳ ёшлар ажойиб ташаббус билан чиқишди. Улар боқувчисини йўқотган, ёрдамга муҳтож қишлоқдошларининг хонадонларига бориб, томорқа ерларини экишга тайёрлаб беришни ўз зиммаларига олишди».
Бу каби ташаббус бошқа ҳудудларда ҳам қанот ёзишига умидвормиз. Сабаби, ушбу жавобда тўхталган 14 фоиз сўралганлар 200 нафардан ортиқ кишини ташкил қилади.
Сўровномадаги: «Экин парваришлашга кетадиган маблағим уни сотиб олиб истеъмол қилиш билан баравар тушади», деган жавобни 21 фоиз сўралганлар танлаган. Бу жавобда тўхталганларни томорқада ишлашни эплолмайдиганлар сирасига киритиб қўйишга шошилмаслик лозим. Эҳтимол, бугун урф бўлган ибора билан айтадиган бўлсак, бир қарич ердан фойда кўрадиган инсонларни томорқасидан етарлича фойда кўролмаётган инсонлар истиқомат қилаётган қишлоққа, маълум бир рағбат эвазига кўчиртириб келиш каби тадбирларни ҳам кўриш лозимдир?
Гулруҳ МЎМИНОВА.