15 май - Халқаро оила куни: Ўзбек оиласи - маънавият, маърифат қўрғони

Ўзбек оиласи деганда кўз олдимизда бир уй бола-чақали, мўътабар бобо-буви, ота-оналаримиз, фарзандлар, набиралардан иборат катта бир қўрғон гавдаланади. Бу - маънвият, маърифат, тарбия қўрғони.

Оилада Ватанга садоқат, ота-онага оқибат, оила аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-мурувват омиллари ўсиб келаётган ёш авлод онгига сингдирилади. Оиладаги маънавий муҳитни барқарорлаштириш ота-онада фарзандлар, фарзандлар олдида ота-онага нисбатан бурчларини, уларнинг жамият олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.

Ҳеч бир таълим-тарбия фарзандлар оилада, тўкин дастурхон атрофида жамулжам бўлган бобо-буви-ю, ота-оналаридан олган насиҳат-у ўгитичалик куч-қувватга эга эмас.

Зотан, оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақловчи, миллий қадриятлар ривожини таъминловчи, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни дунёга келтириб тарбияловчи маскандир.

Шу боис ҳам БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йилги йиғилишида 1994 йилдан бошлаб ҳар йили 15 майни Халқаро оила куни сифатида нишонлашга қарор қилинган. Бу қарорни қабул қилишдан мақсад барча тараққийпарвар ва тинчликпарвар инсоният диққатини инсон ўз умрини ўтказадиган, ўз орзу-умидлари, бахту саодатини ҳамда тинчлигини таъминлайдиган маскан – оиланинг мустаҳкам бўлишига қаратишдир. Бу албатта, бежиз эмас. Чунки оиладаги маънавий муҳит, соғлом кайфият, барқарорлик жамият ҳаётининг асосини таъминловчи кучдир.