Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

16-қаватдаги ёнғинни бартараф этиш мумкинми?

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган пресс-турда шу каби саволларга батафсил жавоб олинди.

Пресс-турнинг дастлабки манзили Самарқанд шаҳридаги 6-сонли ёнғин-қутқарув бўлими бўлди. Бу ерда содир бўлган ёнғинни ўчириш бўйича жанговар ҳаракатлар пайтида оператив ва тактик вазифалар учун мўлжалланган ускуналар кўргазмаси намойиш этилди.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари У.Аҳроров Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг асосий вазифаси ҳақида гапирар экан, аввало, фавқулодда вазиятлардан аҳоли ва ҳудудларни ҳимоя қилиш, ёнғин хавфсизлиги, шунингдек, сув ҳавзаларида одамлар хавфсизлигини таъминлаш муҳим эканлигини айтди.

Тадбир чоғида журналистлар бўлимдаги ёнғин қутилари Қорасув массивидаги 16 қаватли биноларга етиш-етмаслиги ҳақида сўради.

Соҳа мутахассисларининг айтишича, энг замонавий технологияли зинапояларнинг максимал баландлиги 53 метр - бу 15 қаватли бинога етади дегани, ўта оғир шароитларда ёнғинни ўчириш учун ўт ўчирувчиларнинг махсус тайёргарлиги талаб қилинар экан.

- Биз бу масала бўйича бошқарув органларига мурожаат қилдик, - дейди У.Ахроров. - Эшкак  эшиш каналидан унчалик узоқ бўлмаган 1,6 гектар майдонда мутахассисларни тайёрлаш учун алоҳида махсус отряд ташкил этилиши режалаштирилди.

Бугунги кунда ёнғин бўлимларида кунига 261 нафар ходим навбатчиликда ишлайди, 62 та ёнғинга қарши ускуналар ва яна ўнта махсус техника шай ҳолатда туради.

Йил бошидан бери фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчиларига юздан ортиқ қўнғироқлар бўлган.

- Бизни энг кўп қийнайдиган ҳолатлар тоғли ҳудудларда ҳамда ёмғирли кунлардаги Самарқанд шаҳридаги тошқинлардир, - дейди У.Аҳроров. - Фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини камайтириш учун қутқарувчилар табиий офатларга мойил бўлган ҳудудларда яшовчиларга ёрдам беради. Портлашлардан кейин қулаб тушган иншоотларни таҳлил қилиш билан шуғулланади, тошқинлар, ёнғинлар, авиаҳалокатлар пайтида, сув ҳавзаларида, тоғли ва ўрмон зоналарида йўқолганларни қидиришда аҳолига яқиндан кўмак беради.

Шунингдек, журналистлар вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳаёт хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўқув марказида ҳам бўлди. Бу ерда фуқаролар ва вазирликлар, идоралар, ташкилотлар масъуллари учун фавқулодда вазиятларда ҳаракатларга тайёрлаш, биринчи ёрдам кўрсатиш, одамлар ва ҳайвонлар орасида қутуришнинг олдини олиш ва бошқалар бўйича бепул курслар ташкил этилган.

Замира Болтаева.