16 ёшли қиз содир этган ЙТҲда 14 ёшли бола вафот этди
Жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 20:00 ларда Тошкент шаҳар Учтепа тумани, 35-уй қаршисида, 2004 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган Ш.Н. “Спарк” русумли автомобилни бошқараётиб, ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи, 1982 йилда туғилган И.А. бошқарувидаги “Нексия” русумли автомобилни қувиб ўтаётган вақтида ушбу автомашина билан тўқнашиб, бошқарувни йўқотган ва қарама-қарши йўлга ўтиб кетиб, қаршисидан келаётган ҳайдовчи, 1974 йилда туғилган А.М. бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомобиль билан тўқнашган.
Оқибатда “Спарк” русумли автомобиль йўловчиси, 14 ёшли А.Н. шифохонага олиб кетилаётганда йўлда вафот этган. Ушбу автомобиль ҳайдовчиси 16 ёшли Ш.Н. ва “Ласетти” русумли автомобиль ҳайдовчиси 46 ёшли А.М. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.