1,7 миллион ўзбекистонлик чет элда меҳнат қилмоқда
26 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг “Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий мақоми ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш чора-тадбирлари”нинг ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.
Унда, 1,7 миллион ўзбекистонлик чет элда, асосан, Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилаётгани маълум қилинди.
Мамлакат аҳолисининг 55 фоиздан ортиғи ёшлардан иборатлиги ҳамда йилига меҳнат бозорига 600 мингга яқин ишчи кучи кириб келаётгани мазкур муаммонинг нақадар муҳимлигидан далолат беради.
Таъкидланишича, 21 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилишида мигрантлар масаласига алоҳида урғу берилгани, шу куннинг ўзида Россияда “Ўзбекистон фуқароларининг Россиядаги ҳуқуқлари: меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари” мавзусида ўтказилган Ўзбекистон-Россия форуми ҳам миграция масаласининг минтақадаги аҳамиятини белгилаб берган.