2019 ва 2020 йилнинг ўтган даврида Самарқандда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жами 14 та жиноят иши қўзғатилган
Бугун юртимизда катта ўзгаришлар, ислоҳотлар олиб борилаётган, ёшлар жамият ҳаётида тобора фаоллашиб, ўз ўрнига эга бўлиб бораётган бир вақтда афсуски, айрим иродаси суст ёшларимиз гиёҳвандлик балосига ружу қўяётганликлари барчамизни ташвишга солади.
Зеро, соғлиқни йўқотиш, айниқса, гиёҳвандликка мубтало бўлиш инсон ҳаётини тубдан издан чиқарибгина қолмай, балки инсоният генофондига ҳам улкан хавф туғдиради.
Аср вабоси деб аталаётган бу иллат нафақат инсон жисмини хароб қилади, балки жамиятга мислсиз даражада зарар етказади. Тинч-тотув яшаётган оилаларни бузади, болаларни етим қилади, муҳтожлик, қашшоқлик, жиноятчилик, касалликда яшашга мажбур қилади.
Шунинг учун гиёҳвандликка қарши курашиш дунё миқёсидаги глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам бу офатга қарши кураш изчил йўлга қўйилган.
Бу борада таркибида наркотик моддалар мавжуд ўсимликларни экиш ҳолатларини аниқлаш, қўшни давлатлардан юртимиз ҳудудига айланма йўллар орқали гиёҳвандлик воситаларининг кириб келишига чек қўйиш мақсадида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар ҳамкорлигида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтказилаётган кенг қамровли тадбирлар давомида ўтган 2019-2020 йилнинг шу кунига қадар гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жами 14 та жиноят иши қўзғатилган ҳамда умумий миқдори 1691,11 граммни ташкил этган наркотик воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасидаги наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига оид маълумотлар таҳлили ҳозирги кунда республикамизда янги турдаги психофаол воситаларнинг кенг тарқалиши кузатилмоқда.
Ачинарлиси шундаки, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига ўсмир ёшларнинг жалб этилиши ҳолатлари давом этмоқда, наркотик воситалар билан боғлиқ жиноят ишлари асосан ёшлар ва ҳаттоки 14-17 ёшдаги вояга етмаган шахслар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун қўлга олиниб, уларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилган.
Масалан, бошқа манфаатдор идоралар вакилларини жалб қилган ҳолда, олий ўқув юртлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида “Гиёҳвандлик аср вабоси”, “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” мавзусида тезкор-профилактик учрашувлари ўтказилиб борилган. Тадбирлар давомида ёшларга гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишлари ўтказилган.
Олиб борилаётган ушбу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад аҳоли, айниқса, ёшларни гиёҳвандликнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, халқимизнинг соғлом турмушини таъминлашдир. Ушбу эзгу мақсадга ҳар бир Ватандошимиз ўз ҳиссасини қўшиши, гиёҳвандликка қарши биргаликда курашиш миллатимизнинг соғлом келажагини таъминлайди.
Жасурбек ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринборсари.