2021 йилда тадбиркорлар учун қандай енгилликлар берилди?
Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан коронавирус пандемияси шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чораларини давом эттириш мақсадида бир қатор имтиёз ва енгилликлар 2021 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилди.
Туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларида фаолият юритаётган субъектларнинг ер ва мол-мулк солиғи бўйича 2021 йил 1 январь ҳолатига қарздорлиги тўланиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон фармонида назарда тутилган вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича 2020 йил 31 декабрь ҳолатига кўра мавжуд қарзига пеня ҳисобланишини тўхтатиш ва солиқ қарзини мажбурий ундиришга қаратиш чораларини кўрмаслик талаби, коронавирус пандемияси даврида Президент томонидан тадбиркорлик субъектларига 2020 йил 31 декабрь ҳолатига қолдиқда турган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича берилган фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) суммаси, “хуфиёна иқтисодиёт” улушини қисқартириш учун солиқ аудити ўтказишда “таҳлика-таҳлил” тизими босқичма-босқич жорий этилган ҳолда солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган кичик тадбиркорлик субъектларида солиқ аудити ўтказилишига мораторий шулар жумласидандир.
Мазкур фармон билан жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб “ҳамширалик иши” билан мустақил равишда шуғулланиш учун ўрта тиббиёт мутахассисларига ўзини ўзи банд қилишга рухсат берилиши белгиланди. Шунингдек, 1 июндан ишловчи фуқаролар ишламайдиган турмуш ўртоқларининг келгусида пенсия таъминотига эга бўлиши учун ҳар ойда ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин.
Давлат солиқ хизматида “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида фермер хўжаликларининг даромад ва харажатларини автоматик шакллантириш ва солиқ органларига юбориш имконини берувчи электрон тизимни 2021 йил 1 июлга қадар амалиётга жорий этиш чоралари кўрилиши белгиланди. Бундан ташқари, давлат солиқ хизматининг фаолиятини “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида ташкил этиш доирасида олдинги йил учун даромадлари йиллик молиявий ҳисобот маълумотларига кўра камида 5 миллиард сўмни ташкил этган, юридик шахс мақомига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари солиқ мониторингида иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.