2022 йил учун "ҳайратланарли башорат"лар эълон қилинди
Saxo Bank анъанага кўра келаси йил учун ўзининг 10 та “ҳайратланарли башорати”ни эълон қилди. Улар жаҳон иқтисодиётини ларзага келтириши мумкин бўлган баъзи кутилмаган ёки етарлича баҳоланмаган воқеалар билан боғлиқ.
Банк таҳлилчилари 2022 йилда иқтисодиётга нефть ва газга мўл-кўл сармоялар қайтишини, янги космик пойга ва совуқ уруш бошланиши, Қўшма Штатларда инфляция 15 фоиздан ошиб кетиши, 2022 йилда инсоннинг ўртача умр кўриш давомийлиги 25 йилга ўсишини башорат қилишмоқда.
Банк экспертларининг фикрича, жаҳон сиёсатчилари инфляция ва энергия нархлари ошишига қарши кураш зарурати юки остида, шунингдек, ижтимоий тартибсизликлар хавфи ортиб бораётган бир пайтда чекиниб, иқлим кун тартиби мақсадларидан узоқлашишига тўғри келади.
Иқтисодиётни мақбул нархларда, етарли миқдорда ресурслар билан таъминлаш мақсадида нефть учун беш йил ва табиий газ учун ўн йилга сармоявий тўсиқлар олиб ташланади. Натижада нефть ва газ нархи 50 фоизга ошади.
Ҳеч бир давлат ўзини ортда қолгандек ҳис қилишни истамагани боис, 2022 йилда етакчи ҳарбий кучлар ўртасида улкан гипертовушли қуролланиш пойгаси бошланади.
Келаётган йилда молиялаштириш устуворлигидан келиб чиққан ҳолда, Америка Қўшма Штатлари билан Хитой ўртасидаги иқтисодий ва ҳарбий соҳада чуқурлашиб бораётган рақобатнинг янги босқич юраги - гипертовуш ва космос бўлади. Уларга илғор ҳарбий технологияларга эга бўлган бошқа йирик державалар, жумладан Россия, Ҳиндистон, Исроил ва Европа Иттифоқи ҳам қўшилади.
Ҳарбий мақсадларда анъанавий қимматбаҳо ускуналар (авиация ва кемасозлик) ишлаб чиқарувчи компаниялар зарарига гипертовушли технологиялар яратиш лойиҳаларини молиялаштириш сезиларли даражада ошади, деб ҳисоблайди Saxo Bank.
2023 йил бошига келиб, АҚШда инфляция Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта 15 фоиздан ошади. Бунга пандемия даврида уч миллионга яқин кишининг нафақага чиққани, эҳтимол айримлар пандемия давридаги ёрдам пулидан кейин кам маошли ишларга қайтишни хоҳламагани сабаб бўлади.
2022 йилнинг 4-чорагигача ишлаб чиқаришдаги доимий инфляция босими, энергия инқирози ва ишчи кучи танқислиги билан биргаликда йиллик иш ҳақининг мисли кўрилмаган икки карра ўсишига олиб келади ва натижада инфляция 15 фоиздан ошади. Бу биргаликда АҚШ фонд ва кредит бозорларида ўта беқарорликка олиб келади. Сайёрадаги йирик иқтисодиёт муаммолари жаҳон бозорига таъсир қилишини айтмаса ҳам бўлади.
Saxo Bank, шунингдек, 2022 йилда биотиббиёт соҳасидаги муҳим ютуқ - инсонлар ҳаёти ва умр кўриш давомийлигини 25 йилгача узайтиришни кўзда тутади. Ҳаёт давомийлигини, қолаверса бутун организм қувватини оширишувчи ҳужайра даражасидаги жараённи бошқарувчи шифобахш воситалар "коктейл"и тайёрланади.
Бу қиммат, аммо самарали ва аллақачон инсон ДНКси бўлган лаборатория сичқонларида синаб кўрилган. Келажак кексалар учун очиқ бўлади. Чунки янги восита қаришни секинлаштириши ва ҳатто қариган ҳужайраларни ёшартириши мумкин: 80 ёшли одам 50 ёшлига айланади.
Бу катта этник ва молиявий қийинчиликларни келтириб чиқаради. Озиқ-овқат ва пенсиялар, меҳнат бозори ва дори-дармонларга талаб ўсиши ҳақидаги соф иқтисодий саволлардан ташқари, этник савол туғилади: бу қиммат "коктейл"ни ҳамма учун ҳамёнбоп қилмаслик инсонгарчиликданми?
Ушбу башоратларга қўшимча равишда, Saxo Bank 2022 йилда Facebook ва Spotify акцияларининг сезиларли пасайиши, Ҳиндистоннинг Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига кириши, фонд бозоридаги гендер урушлари, иқлим муаммоларини ҳал қилиш учун Европа Иттифоқи суперфонди яратилиши, энергетика ва мудофаа масалалари, шунингдек, Қўшма Штатларда оралиқ сайловларда конституциявий инқирозни кутмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Saxo Bank экспертларининг ўтган йиллардаги баъзи “ҳайратланарли башоратлар” амалга ошди. Масалан, Дональд Трамп 2020 йилги сайловда ғалаба қозона олмади. 2018 йилда банк таҳлилчилари Германия ялпи ички маҳсулоти ўсиши пасайиши, 2012 йилда эса олтин нархининг шиддатли тушишини башорат қилишган эди.
Г.Холдорова тайёрлади.