Хитой йирик ҳамкорларимиздан бири: Самарқандда Хитой компаниялари капитали иштирокида 71 та қўшма ҳамда 28 та хорижий корхона фаолият кўрсатмоқда
Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини Хитой Халқ Республикаси биринчилардан бўлиб эътироф этиб, дипломатик муносабатлар ўрнатган мамлакат ҳисобланади. Қолаверса, халқларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихи минг йилликларга бориб тақалади. Жумладан, қадимги “Буюк ипак йўли” асрлар давомида минтақа халқларининг ўзаро савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларида муҳим роль ўйнагани барчамизга маълум.
Давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигини ривожлантириш доирасида турли соҳаларда кўплаб йирик лойиҳалар амалга ошириляпти.
Хусусан, Самарқанд вилояти ва Хитой ишбилармон доиралари ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар салмоғи йил сайин ортиб бормоқда. Вилоят ҳокимлигидан маълум қилишларича, бугунги кунда Самарқандда Хитой компаниялари капитали иштирокида 71 та қўшма ҳамда 28 та хорижий корхона фаолият кўрсатмоқда.
Жумладан, масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Хitoy besh barmoq qurilish materiallari” Булунғур туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, "Sam eco root" қўшма корхонаси Паст Дарғом туманида қизилмия экстрактини қайта ишлаш билан шуғулланмоқда.
Бундан ташқари, фақат 2021 йилнинг ўзида 83 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Хитойдан 69,5 миллион долларлик хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилган. Натижада, 7,2 миллион доллар маблағ эвазига Самарқанд шаҳрида "Сахари" МЧЖ томонидан маиший техника, 15 миллион доллар инвестиция ҳисобига "Азия Металл Проф" корхонасида темир маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Жорий йил давлат инвестиция дастурига мувофиқ вилоятда хитойлик ҳамкорлар билан 21 та янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу борада ўтган 8 ой давомида 76,3 миллион доллар маблағ ўзлаштирилган.
Пировардида Каттақўрғон туманида “Hengyuan Сement” қўшма корхонаси негизида цемент, Ургут туманидаги “Innovation med total” МЧЖда болалар тагликлари, тиш пастаси ва акрил елимлар ишлаб чиқариш, Иштихон туманида “Samarkand Stone Trade Corparation” қўшма корхонаси томонидан табиий тоғ тошини қайта ишлаш ташкил этилган.
Маълумотларга кўра, вилоятимиз ҳамда Чин ўлкаси ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар ҳажми 2021 йилда 285,9 миллион долларни ташкил этган. Бунда 57,4 миллион долларлик экспорт ва 228,5 миллион долларлик импорт амалга оширилган. Хитой Халқ Республикасига асосан, ип-калава, мева-сабзавот, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилинган.
Жорий йилнинг 8 ойида эса 178,6 миллион доллар импорт ҳамда 23,6 миллион доллар экспорт амалга оширилди. Аҳамиятлиси, жорий йилда 473,6 минг долларлик фармацевтика маҳсулотлари, 582,6 минг долларлик жун, мўйна, тери ва улардан ясалган буюмлар сотилган.
Қайд этиш лозим, Самарқанд ва Сиань шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган. Бу борада туризм, таълим ва маданият соҳасида ўзаро ҳамкорликка жиддий эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон-Хитой муносабатларида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ҳам кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда. Бу борада Хитой раиси Си Цзиньпиннинг 14-16 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиши ва ташриф дастурига мувофиқ Самарқанд шаҳрида олий даражадаги икки томонлама музокаралар бўлиб ўтиши икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.