2023 йилда 602 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган

Ўтган йилда кадастр агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлимларига 1435 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти кўриб чиқилиб, катта қисмига ижобий ечим топилган. Айрим ер билан боғлиқ ноқонуний мурожаатларга рад жавоби берилган.

Республикамизда ер ресурслари чекланганлиги боис ноқонуний ерларни ўзлаштиришга қарши ҳуқуқий чоралар кучайтирилаётганига қарамай айрим уддабуронлар томонидан ҳамон ерни қонуний эгаллаш ҳолатлари учрамоқда.  

Биргина 2023 йилда ер муносабатлари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ўтказилган ўрганишларда 2223 ҳолатда 602,3 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги ва ер қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган. Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан агентликнинг туман бўлимлари томонидан ер қонунбузилишини содир этган шахсларга берилган тушунтириш ва ёзма кўрсатмалар натижасида 1000 ҳолатда 269,4 гектардаги ер қонунбузилиш ҳолатлари ихтиёрий бартараф этилиб, дастлабки ҳолатига қайтарилиши таъминланган.

Вилоят Матбуот уйида Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари томонидан 2023 йилдаги ишларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда маълумот берилди.

- Бироқ берилган тушунтириш ва ёзма кўрсатмаларга қарамасдан белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этилмаган 1062 ҳолатда 315,3 гектардаги ер қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан суд идораларига ноқонуний қурилмани буздириш ва эгалланган ер майдонини ер эгасига қайтариш юзасидан даъво аризалари киритилди, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳасан Шерматов. – Ўзбошимчалик билан ерни эгаллаш бўйича прокуратура органларига 219 ҳолатда 28,9 гектар майдондаги қонунбузилиш ҳолатлари тўғрисида маълумотлар тақдим этилди. Ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар тоифаларга ажратилганда қишлоқ хўжалиги ерлари 553,7 гектар, аҳоли пунктлари ерлари 26,9 гектар, саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа ерлар 8,8 гектар, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекрация мақсадларига мўлжалланган ер майдонлари 0,6 гектарни ташкил этади. Шунингдек, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар 0,7 гектар, ўрмон фонди ерлари 4,5 гектар, сув фонди ерлари 6,0 гектар, захира ерлари 1,2 гектарни ташкил қилади. Бошқарма ва туман, шаҳар бўлимларимиз томонидан 2023 йилда жами 3181 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, шундан 3088 та маъмурий иш кўриб чиқилди. Қўлланилган жарималар суммаси 26 миллиард 132,6 миллион сўм, ихтиёрий тўланган жарималар (1338 та) 4 657,5 миллион, МИБ томонидан ундирилган жарималар (92 та) 363,9 миллион, МИБда қолдиқ бўлиб турган жарималар (490 та) 11 288,5 миллион, умумий ундирилган жарималар (1430 та) 5 021,4 миллион, қолдиқ жарималар (288 та) 6 330,6 миллион сўмни ташкил этади.

Маълумот учун: ерларни талон-торож қилинишининг олдини олиш ва соҳада рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича “Е-YER NAZORAT” тизими амалиётга жорий этилган. Аниқланган ер қонунбузилиш ҳолатлари ва қўлланилган маъмурий баённомалар, жарималар ушбу тизимга доимий равишда киритилиб борилади. “Е-YER NAZORAT” тизимига тегишлилиги бўйича прокуратура, ички ишлар, суд ва бошқа ваколатли органлар интеграция қилинган.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.