Туркиялик олим “Самарқанд тарихи” китобини тақдим этди

Самарқанд давлат педагогика институтида Туркияда чоп этилган “Самарқанд тарихи” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда институт профессор-ўқитувчилари, тарих йўналишида таълим олаётган талабалар ва китобхон ёшлар иштирок этди. 

 - Институтимиз ҳамда Туркиянинг нуфузли Орду университети ўртасидаги илмий ва маданий ҳамкорлик нафақат анъанага, балки амалий самараларга ҳам айланиб бормоқда, - дейди институтнинг тарих кафедраси мудири Йўлдош Исомиддинов. – Орду университети доценти Мурат Ўзкан томонидан ёзилган китоб ушбу ҳамкорлик доирасида амалга оширилган яна бир муҳим лойиҳадир. Бу Самарқанд шаҳри кунига муносиб совға бўлди. Айни пайтда асар ўзбек тилига таржима қилиняпти. 

Тадбирда муаллиф Мурат Ўзкан ЗООМ платформаси орқали қатнашди. 

- Бу асарда Самарқанднинг қадимий тарихи, ижтимоий ва маданий тараққиёт босқичлари кенг ёритилган, - деди у. - Китоб яратилиш жараёнида, ўтказилган илмий изланишлар давомида тарихий манбаларни топишда ёрдам берган самарқандлик ҳамкасбларимга чуқур миннатдорлик билдираман. 

Тадбир якунида Самарқанд давлат педагогика институти ва Орду университети ўртасида қўшма илмий лойиҳалар, профессор-ўқитувчилар алмашинуви ҳамда илмий-тадқиқот соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан келишувлар муҳокама қилинди.