24 ёшли қиз оила қуриш мақсадида ўғирланди
Никоҳга кириш учун мажбуран ўғирланган аёл ИИБга мурожаат қилди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
Аниқланишича, 2020 йилнинг 13 октябрь куни соат 20:00 да, 30 ёшли Д.Е., танишлари 29 ёшли Р.Ж. ва 30 ёшли П.Б.лар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, 24 ёшли Г.С. (аёл)ни, унинг эркига хилоф равишда Қонликўл тумани Маданият маҳалласи Сари-олтин кўчаси чорраҳасида Г.С. (аёл)нинг уйига қайтаётганлигидан фойдаланиб, унинг орқасидан бориб унга куч ишлатган ҳолда, мажбуран Д.Е.нинг номида бўлган, П.Б. бошқарувидаги “Nexia-2” русумли автомашинасига миндириб, уни Қонликўл тумани Бўстон ОФЙда жойлашган уйига олиб бориб, Г.С.ни Д.Е. билан никоҳда бўлиш учун ўғирлашган.
Ҳолат юзасидан Г.С. туман ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилган.
Ҳодиса жойига тергов-тезкор гуруҳи ходимлари чиқиб кўздан кечириш ва бошқа терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказган. Д.Е.нинг номида бўлган “Nexia-2” русумли автомашина далилий ашё тариқасида олиниб, тегишли тартибда муҳрланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қонликўл тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 136-моддаси 1-қисми (аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб бормоқда.