27 март – Халқаро театр куни
Инсон маънавиятини тарбиялашда театр санъатининг ўрни беқиёс. Зеро, санъат инсонни маънавий жиҳатдан бойитади, ижодий қобилиятини ривожлантиради, эзгулик сари етаклайди.
27 март - Халқаро театр куни 1961 йил ЮНЕСКО ҳузуридаги Халқаро театр институти томонидан Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган IX конгрессда таъсис этилган.
Ҳозирги кунда жаҳоннинг 100 дан зиёд мамлакатларида 27 март куни театр санъати ходимларининг касб байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
Хўш, театр нима ўзи? Бу тушунчанинг маъноси кенг. Театр деганда, авваламбор, санъатнинг катта бир турини тушунамиз. Шу билан бирга театр - бу томоша, спектаклнинг ўзи. Томоша кўрсатиладиган жой, спектакль қўйиладиган бино ҳамдир. Ҳеч бир санъат театр ўрнини босолмайди. Чунки театрда томошабин бир гуруҳ истеъдодли кишилар билан бирваракайига жонли мулоқотда бўлади.
Саҳна асарининг таъсири жуда кучли. Театр санъати ҳаётни, воқеа-ҳодисаларни, турли курашлар ва зиддиятларни, ички кечинмаларни драматик хатти-ҳаракатларда, актёр ижроси орқали акс эттиради. Бунда ёзувчи томонидан ёзилган пьеса ёки либреттога таянилади. Пьесани режиссёр саҳналаштиради: ролларни актёрларга тақсимлаб беради, улар билан машқлар ўтказади, рассом, либос тикувчи, нур созловчи, мусиқа танловчи (ёки композитор) ва бошқалар билан иш олиб боради. Пировардида кўпчилик бўлиб тайёрланган саҳна асари томошабинга кўрсатилади.
Актёрлар саҳнада юз бераётган воқеаларга берилиб, ҳар хил феъл-атворли кишиларнинг қиёфаларини гавдалантирадилар, томошабинларни сезиб турсалар ҳам, сезмасликка олиб ўйнайдилар.
Саҳнада ҳаёт, воқелик бирмунча бўрттириб акс эттирилади. Театр санъатининг турлари кўп. Булар - драма театри, опера, балет, мусиқали драма, мусиқали комедия, оперетта, ёш томошабинлар театри, қўғирчоқ театр, радио театр, телевизион театр, эстрада театри, майдон театридир.
Асосийлари: драма, трагедия, комедия. Аммо театр йўналиши, турига боғлиқ ҳолда улар кўпайиб кетади. Чунончи, фарс, буффонада, трагикомедия, хроника, мюзикл, тарихий драма, эртак-пьеса, фольклор-этнографик томоша, саҳнавий ҳазил каби жанрлар бор.
Ҳиндистон, Ўрта Осиё, Хитой, Индонезия, Япония, Корея, Бирма, Ветнамда театр томошаларининг хилма-хил шакллари яратилган. Театр милоддан аввалги V асрда Юнонистонда пайдо бўлган. Юнон театри давлат томонидан уюштириладиган байрамларда кўрсатилган. Шундан бошлаб театр санъати жуда катта тараққиёт йўлини босиб ўтган. Драматургия, актёр ижрочилиги ривожланиб борган. Режиссёрлик пайдо бўлган. Усти очиқ майдон театрлари ўрнини усти ёпиқ театр бинолари эгаллаган. Саҳнанинг кўриниши, техникаси ўзгариб борган. Ижрочилик, саҳналаштириш услублари янгиланиб турган. Ўзбек театри ҳам узоқ тарихга эга бўлиб, унинг дастлабки кўринишлари ибтидоий жамоа даврига бориб тақалади.
Милоддан аввалги VII–VI асрларда аждодларимиз зардуштийлик (оташпарастлик) билан боғлиқ ҳолда ўзига хос театр яратганлар. Милоддан аввалги V асрда Ойхоним, Шаҳри Ҳулғула, Нусай шаҳарларида юнон шаклидаги махсус театр бинолари қурилган ва уларда қадимги юнон драматурги Еврипид трагедиялари ўйналган. Кушон давлатида Будда дини билан боғлиқ бўлган турли театрлашган томошалар расм бўлган. Маҳаллий театр, айниқса, V- VII асрларда яхши ривожланган.
Юртимиздан чиққан чолғучилар, ўйинчилар, раққосалар, хонандалар Буюк Ипак йўли орқали қўшни юртларга сафар қиладилар. Хитой йилномаларининг кўрсатишича, санъаткорларимиз шаҳоншоҳ саройида мустаҳкам ўрнашдилар. Театр санъати, бирмунча бошқа шаклларда бўлса-да, мусулмонлик даврида ҳам яшаб келган. Хусусан, IX-XII ҳамда XIV-XV асрларда Мовароуннаҳр, Хоразм ва Фарғона ўлкаларида санъат, шу жумладан, театр санъати ўзига хос шаклларда тараққий этди. Қиссахонлар, воизлар, маддоҳларнинг маъракалари, масхара, тақлидчи, зарифларнинг чиқишлари аҳоли маданий ҳаётида муҳим ўрин тутган. Айниқса, Амир Темур, Темурийлар даврида томоша санъатлари, ҳар хил байрамлар кенг расм бўлган.
Театрнинг уч тури яхши шаклланган: ҳикоя театри (қиссахонлик, воизлик, маддоҳлик); кулги театри (масхара, тақлид, зарофат); қўғирчоқ театри (чодир жамол, чодир хаёл, фонус хаёл). Самарқанд, Шаҳрисабз ва Ҳиротда ўтказилган байрамларда қадимий ниқоблар билан ўйналадиган томошалар ҳам тикланган.
XVI асрдан Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари вужудга келгач, томоша санъатида ҳам ўзгаришлар юз берди. Бир-биридан фарқ қилувчи Бухоро масхарабозлиги, Хоразм масхарабозлиги, Фарғона қизиқчилиги майдонга келди. Фанда булар анъанавий ўзбек театри, деб ном олган. Анъанавий театрнинг шакллари, намуналари бутун 20 аср давомида яшаб, бизнинг давримизгача етиб келган. Шу кунларда ҳам ўз уюшмаларига эга бўлган ёхуд якка ҳолда ижод қилувчи бир қатор истеъдодли қизиқчилар бўлиб, улар маълум даражада қадимги театр анъаналарини давом эттириб келмоқда.