Театрга нега бормай қўйдик?
Охирги марта қачон театрга боргансиз? Оилангиз билан театрга тушган кунингизни эслай оласизми? Қайси спектаклни ёқтирасиз?
Бу саволларга дарҳол жавоб берадиганлар жуда озчиликни ташкил этади. Чунки томошабинлар аввалгидек театрларга серқатнов эмас. Ҳатто зиёлилилар, раҳбар ва ходимлар ҳам театрга бормай қўйган. Хўш, бунга сабаб нима?
Одамлар қандай фикрда?
Яқинда Zarnews.uz телеграм саҳифамизда “Театрга қачон боргансиз?” саволи билан сўровнома ўтказган эдик. Сўровномада 35 фоиз иштирокчи “Охирги марта қачон театрга борганимни эслолмайман” деган жавобни танлаган бўлса, 36 фоизи театрга умуман бормагани, 13 фоиз кузатувчи йилида бир-икки марта боришини, 5 фоизи ойда бир марта театрга тушишини ва 11 фоизи “Бизда театр борми?” жавобини белгилаган. Шунингдек, иштирокчилар изоҳларда тирикчиликдан ортмаётгани, театрга бориш учун вақт, маблағ йўқлиги, айримлар пули бор одам театрга бормаслигини, кимдир театрда янгилик йўқлигини айтган бўлса, бошқаси қишлоқларда спектакль қўйишга жой йўқлигини ёзиб қолдирган.
Муаммо нимада, унинг ечими-чи?
Сўровнома натижаси ва изоҳлардан кўриниб турибдики, спектаклларга қизиқиш, умуман, аҳолида театрга бориш маданияти шаклланмай қолган ва бунинг бир нечта сабаблари бор.
Биринчидан, театр фақат театрга бориб кўриладиган томоша эмас. Қадимда театрлар бўлмаган вақтда томошалар одамлар кўп тўпланадиган жамоат жойларида қўйилган. Аммо кейинги пайтда бу анъана йўқолиб, театр жамоаларининг ҳудудларга гастроль сафарлари, кўчма спектакллар кескин камайиб кетган. Натижада спектаклларга қизиқиш ва театрга бориш маданияти йўқолиб бормоқда. Театр жамоалари ҳудудларга бориб, аҳолига томошалар қўйиб бериши ва фуқароларнинг ҳам театрларга кўпроқ жалб қилиш керак. Афсуски, иккала ҳолат ҳам маблағ билан боғлиқ бўлгани учун спектаклларга қизиқиш пасайиб кетди.
Вилоятимизда тўртта театр бор. Ҳудудлардаги аҳолининг ушбу театрларга бориши учун асосан транспорт муаммо бўлса, театр труппаларининг ҳудудларда томошалар қўйиши, турли тадбирларга жалб қилиниши учун йўл харажатлари ва билет пуллари театрлар ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши керак. Чунки театр ходимлари ўша маблағ ҳисобидан ойлик олади ва спектакль декорацияларини яратиш, асарларни саҳналаштиришга ишлатилади. Бунинг учун эса маҳаллий ҳокимликлар, корхона ва ташкилотлар театрлар ҳамда ҳудудлардаги маданият бўлимлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши керак.
Иккинчидан, кейинги пайтда ахборот технологиялари ривожланиб, замонавий қурилмалардан кўп фойдаланиляпти. Масалан, авваллари телевидениеда бериладиган спектакллар жонли кўрсатилган ва катта қизиқиш билан томоша қилинган. Ҳозир эса бу ишларни замонавий қурилмалар ортиғи билан бажариб беради. Бунинг устига, ҳозир ижтимоий тармоқлар ҳам оммалашиб кетган ва исталган маълумотни, сурат ёки видеони бирпасда топиш мумкин. Айтмоқчи бўлганим, бугун вақтимиз, айниқса, ёшларнинг аксарияти кўп вақтини ана шу тармоқларга беҳуда сарфлаяпти. Шу боис ёшлар театрга бориш у ёқда турсин, спектаклларга қизиқмай қўйган.
Учинчидан, аксарият ҳолларда театрга боришда катталар нафақат ўзининг, балки болаларнинг ҳам ёш тоифасини ҳамда спектаклларнинг мавзуси, мазмунини ҳисобга олмаяпти. Яқинда бир танишим билан вилоят мусиқали драма театрида кўришиб қолдик. Фарзандларини спектакль томошасига олиб келганини кўриб жуда хурсанд бўлдим. Болаларнинг каттаси 10, кичиги 8 ёш экан. Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” асари асосида саҳналаштирилган спектаклни биргаликда томоша қилдик. Аммо болалар спектаклни умуман тушунгани йўқ, кўрмади ҳам. Каттаси отасининг телефонини ўйнаб ўтирган бўлса, кичиги хархаша қилиб, ухлаб қолди.
- Ёшларнинг дунёқаришини кенгайтириш, уларни катта театр томошаларига қизиқтириш қўғирчоқ ўйинларидан бошланади, - дейди вилоят қўғирчоқ театри директори Ферузбек Абдурайимов. – Театримизда асосан 14 ёшгача бўлган болалар учун спектакллар намойиш этилади. Чунки бу даврда болалар яхшилик ва ёмонлик, ёвузлик ва қаҳрамонлик образларини қўғирчоқлар тимсолида жонли кўрса, ижобий ва салбий образларни ажратади, асар қаҳрамонларига ўхшашга ҳаракат қилади. Шунингдек, бола улғайган сари қўғирчоқ томошаларига иштиёқи ошиб боради ҳамда катта театрга қизиқиш уйғонади. Аммо бугун фарзандини театрга етаклаб келадиган ота-оналар камайиб кетган. Ота-оналар ҳар ҳафта бўлмаса ҳам, бир ойда бир кун театрлар репертуари билан танишиб, қайси спектаклда нима илгари сурилади, неча ёшли болаларга мўлжаллангани билан қизиқса, фарзанди билан бирга ўша асарни кўриб, муҳокома қилса, ҳам ўзи, ҳам фарзанди маънавий озуқа олади.
Кейинги пайтда аксарият мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар театрлар билан ҳамкорлик қилмай қўйган. Натижада боғча ва мактаб ёшидаги болалар театрга кам келмоқда. Ижодий жамоамиз ҳам ҳудудларга бориб, таълим муассасаларида томошалар қўймоқда. Лекин вилоятнинг барча ҳудудларига боришнинг имкони йўқ. Шу боис, яқинда Маданият вазирлигига ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари мактабдаги бошланғич синф ўқувчиларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида қўғирчоқ театрларига ташрифини уюштириш бўйича таклиф бердик.
Зиёлилар театрга боришда ўрнак бўлиши керак
2023 йил 22 декабрь куни Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз “Агар ҳозир “Қани, охирги бир ойда қайси театрга бордингиз, қандай янги китоб ўқидингиз?”, деб сўрасам, ўйлайманки, аксарият раҳбарлар хижолат бўлиб қолиши мумкин. Ҳолбуки, раҳбар-етакчилар ижтимоий дунёқараш, маданий савия бўйича бошқаларга ўрнак бўлишлари керак”, деган эди. Шунингдек, идора ва муассасаларда ойнинг бир кунини “Театр куни” деб эълон қилиш, ходимларнинг театрларга боришини йўлга қўйиш таъкидланганди.
Хўш, вилоятдаги қайси соҳа раҳбар ва ходимларининг театрга мунтазам бориши йўлга қўйилди?
- Ҳозир раҳбар ва ходимлар, умуман, зиёлилар ўзини кўрсатадиган, жамоатчиликка ўрнак бўладиган пайт, - дейди вилоят мусиқали драма театри директори ўринбосари Уйғун Нурмонов. – Аммо кейинги пайтда зиёлиларнинг саноқли қисми театрга келадиган бўлиб қолган. Хусусан, театримизга асосан ички ишлар, прокуратура органлари раҳбар ва ходимлари, Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали ўқитувчи ва талабалари ҳамда айрим ижодкорлар мунтазам келиб турибди. Ҳудудлардан келадиганлар томошабинлар эса кескин камайиб кетган. Тўғриси, айрим вақтларда томошабин келмагани учун спектакль қўя олмаймиз. Кўпчилик театр билет нархлари қиммат деб ўйлаши мумкин, лекин ундай эмас. Билетлар томошабиннинг ёшига қараб 10 минг сўмдан 40 минг сўмгача сотилади. Байрамлар арафасида ва театр ҳафталиги кунларида эса спектакллар бепул намойиш этилади.
Айтиш жоизки, театрларда қўйиладиган спектакллар ҳам 100 фоиз талабга жавоб беради деб бўлмайди. Жумладан, кейинги пайтда тарихий ва реал ҳаётий спектаклларга талаб ошган. Ҳозир театримизда 20 дан ортиқ спектакль намойиш этилаётган бўлса, шундан 7 таси ҳаётий спектакль ҳисобланади. Бу спектаклларни кўрган томошабин янги спектакль сўрайди. Театрлар режасига кўра, йилида тўртта янги спектакль саҳналаштирилиши керак. Лекин томошабинлар талаб ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда театр режиссёрлари ҳам ташаббус кўрсатиши ва янги асарлар саҳналаштириш учун ишлаши керак.
Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасига, жумладан, театр санъатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, соҳа Президент даражасида муҳокама қилиниб, тизимда амалга ошириладиган ишлар бўйича вазифалар белгилаб берилди. Масъуллар ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш билан бирга, юқорида қайд этилган муаммоларга ҳам эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.