Каттақўрғон шаҳар драма театри давлат мусиқали драма театрига айлантириладими?
Кейинги йилларда юртимизда барча соҳалар каби маданият ва санъат соҳасида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сўнгги уч-тўрт йилда театр санъати бўйича ўндан ортиқ Президент фармони ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва топшириқлари қабул қилинди. Янги театрлар ташкил этилиб, мавжудлари замон талаби даражасида жиҳозланди. Бу ўзгаришлар самарасини бир асрлик тарихга эга Каттақўрғон шаҳар драма театри фаолиятида ҳам кўриш мумкин.
Тўйга муносиб туҳфа
Театрнинг 100 йиллик юбилейи олдидан вилоят ҳокимлиги томонидан 800 миллион сўм ажратилиб, театр биносининг том қисми ва иситиш тизими тўлиқ таъмирланди. Маданият вазирлиги ажратган 2 миллиард 250 миллион сўм маблағга зарур жиҳозлар, овоз кучайтириш ускуналари ҳамда ёритиш чироқлари олинган.
- Театрда ходимлар учун янги хоналар, ошхона, кичик томоша зали, меҳмонхона, театр тарихи музейи, театр архиви, овоз ва чироқ цехлари ташкил этилиб, иккинчи қаватдаги йўлаклар, хоналар ва рассомлар цехи таъмирлангани 100 йиллик юбилейга туҳфа бўлди, - дейди Каттақўрғон шаҳар драма театри директори Ботир Тугалов. - Жамоамизга нафақат вилоят, балки мамлакат миқёсида танилган машҳур ижодкорлар жалб қилингани бизнинг энг катта ютуғимиз. Хусусан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Абдуғани Абдураззоқов, Гулбаҳор Мамедова, Даврон Қодиров Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Ноила Коранова, «Дўстлик» ордени соҳибаси Дилором Эгамова, «Шуҳрат» медали соҳибаси Гулнора Ризаеваларнинг фаолияти, уларнинг ёшларга ибрати ва шу театр учун камарбаста бўлиб ишлаётгани театрда ижодий мувозанатни сақлаб турибди.
Театримизнинг 100 йиллик юбилейига тайёргарлик кўриш доирасида фидойи актёр ва акриса, режиссёрлар номини абадийлаштириш мақсадида 400 дан ортиқ асар ва уларнинг муаллифлари ҳамда рол ижро этган театр артистлари тўғрисидаги маълумотлар топилди. Тўпланган маълумотлар асосида “Нурли йўл” деб номланган китоб альбом тайёрланди. Шу билан бир қаторда театримиз асосчиси, жадид намояндаларидан бири Абдулҳамид Мажидий, Ўзбекистон халқ артистлари Ширин Мелиева, Баҳодир Йўлдошев ҳамда драматург Самариддин Сирожиддиновнинг бюстини театр музейига ўрнатиш ва улар хотирасини абадийлаштириш учун буюртма берилди.
Театр халқаро алоқалар ўрнатиш бўйича республикада биринчи
Юртимиздаги давлат театрлари орасида биринчи бўлиб Каттақўрғон шаҳар драма театри 2020 йилда қўшни Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳридаги Хўжандий театри билан расмий меморандум имзолаган. Бугунга келиб театр билан ижодий ҳамкорлик қилаётган давлатлар сони 19 тани, меморандум имзолаган чет эл театрлари эса 23 тани ташкил этади.
Б.Тугаловнинг маълум қилишича, 2020-2023 йилларда Каттақўрғон шаҳар драма театри ижодий гуруҳи Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Грузия, Озарбайжон, Туркия, Россия, Малайзия, Индонезиянинг бир қатор шаҳарларида ижодий сафарларда бўлиб, у ердаги давлат ва нодавлат театрлари фаолияти билан яқиндан танишган ҳамда Каттақўрғон шаҳар драма театри ўртасида меморандумлар имзоланган.
Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳар драма театри раҳбарияти таклифига кўра, Канада, АҚШ, Англия, Словения, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Франция, Жанубий Корея давлатларидан театршунос олимлар, театр раҳбарлари Самарқандга, хусусан, Каттақўрғон шаҳрига ўзларининг ҳамкорлик борасидаги ижодий режалари билан келган.
Театр репертуарида сара асарлар бор
Театр бадиий кенгаши ва ижодкорлари томонидан театр репертуарини замон талабидаги асарлар билан бойитиш, тарихий ҳамда жаҳон классик асарларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, йиллик репертуар режани тузишда ҳар бир асарнинг ғоявийлиги, долзарблиги ҳамда томошавийлиги ҳам ҳисобга олинган ҳолда театр саҳнасида буюк саркардаларимиз, дунё илм-у фанига ҳисса қўшган алломаларимиз ҳақида кўплаб асарлар саҳналаштирилган.
- Кейинги йилларда Абдулла Орипов асари асосида “Соҳибқирон”, Алишер Навоийнинг “Баҳром ва Дилором”, Шуҳрат Ризаев қаламига мансуб “Она”, Абдулла Авлоний асари асосида “Адвокатлик осонму!”, драматург Муҳаммадали Эргашевнинг “Имом Бухорий”, Чингиз Айтматовнинг “Эрта қайтган турналар” спектакллари ҳамда грузиялик драматург Отар Катамадзе қаламига мансуб “Айвон” асари саҳналаштирилди, - дейди театр адабий бўлими бошлиғи Суннатилла Қозоқов. - Жорий йилда театр репертуарини янада бойитиш ва тарихий асарларни саҳналаштириш мақсадида қирғизистонлик таниқли драматург, Қирғизистон ўзбеклари жамияти раиси, профессор Бегижон Аҳмедовга Жалолиддин Румий ҳаётига бағишланган “Румий” номли пьеса, озарбайжонлик таниқли драматург, туркий халқлар тарихи бўйича мутахассис, профессор Ифтихор Пириевга “Буюк Турон” номли пьеса ёзишга буюртма берилиб, спектакллар устида ишланмоқда.
Беш муҳим ташаббус амалда
Давлатмиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус ижросини таъминлаш ҳамда ёшларнинг театр санъатига бўлган қизиқишини ошириш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида театрда “Китобхонлик”, “Ёш рассомлар”, “Актёрлик маҳорати”, “Миллий рақс” ва “Тикувчилик” тўгараклари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, театрга яқин бўлган ҳудудлар, жумладан, Нарпай, Пахтачи ва Каттақўрғон туманларидаги чекка қишлоқларда жойлашган мактабларда ўқувчи-ёшлар учун “Ёш актёрлар” тўгараклари ташкил этилган ва тўгаракларга театрнинг тажрибали актёрлари бириктирилган.
Ижодкорлар қўллаб-қувватланмоқда
- Театримизда 75 нафар ходим ишлайди, - дейди Б.Тугалов. - Ходимларнинг яшаш тарзи, оилавий шароитидан келиб чиқиб уларга ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, кейинги уч йилда ходимлар учун 10 та уй олинди, театрда фаолият олиб бораётган ишчи-ходим ва артистларнинг малакаси оширилди, 17 нафари маданият ва санъат йўналишида олийгоҳларга ўқишга кирди. Жорий йилда устоз санъаткорларнинг бир нафари Умра зиёратига юборилди. Йил охиригача яна энг фаол 4 нафар ёш ижодкорни хориж саёҳатига, 4 нафар устоз санъаткорни эса чет элдаги энг яхши сиҳатгоҳларга дам олишлари учун жўнатиш режалаштирилган.
Сўнги йилларда эришилган ютуқлар
Театр жамоаси юртимиздаги барча маданий-маърифий ҳамда оммавий тадбирлар, касб ва миллий байрамларда фаол қатнашиб келмоқда. Театрнинг йиллик иш режасига мувофиқ, йилида 4-5 мартагача пойтахтдан таниқли санъат усталари таклиф қилиниб, маданий-маърифий ҳамда оммавий тадбирлар, концертлар ташкил этилади. Театр саҳна устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Г.Мамедова «Қайнона» спектаклидаги «Қайнона» образи учун "Энг яхши аёл роли ижрочиси" номинациясини, театр олий тоифали актёри У.Очилов «Соҳибқирон» спектаклидаги "Амир Темур" роли учун "Йилнинг энг фаол актёри" номинациясини қўлга киритган. Шунингдек, Б.Тугалов, Г.Мамедова ҳамда театр олий тоифали актёри Қ.Ибрагимов "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишонига лойиқ кўрилган.
Шаҳар театри давлат театрига айлантирилади(ми?)
- Яратилаётган имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланган ҳолда ўзбек театр санъатини дунёга танитиш, юртимизга сайёҳлар оқимини театр санъати орқали кўпайтириш ва Каттақўрғон шаҳар драма театри негизида Каттақўрғон давлат мусиқали драма театрини очиш асосий мақсадимиз, - дейди Б.Тугалов. – Бу бўйича таклиф ва лойиҳалар ишлаб чиқилиб, Маданият вазирлигига тақдим қилинган. Агар лойиҳа тасдиқланиб, мақсадимиз амалга ошса, имкониятларимиз кенгаяди, халқаро ҳамкорларимиз ва юртимизга келаётган сайёҳлар сони ошади.
Шу мақсадда жорий йилда Самарқандда “Афросиёб-I” халқаро театр санъати фестивалини ўтказиш, бутун туркий ҳалқларни бирлаштирувчи “Буюк Турон” асарини дастлаб Каттақўрғон шаҳар драма теари саҳнасида ва Регистон майдонида катта масштабда саҳналаштириш ҳамда бу асар билан бутун туркий давлатларга гастроль ташкил қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, Каттақўрғон шаҳар драма театри ташаббуси билан “Самарқанд театр рассомлари” номли кўргазмани дунёнинг энг машҳур музейларида ташкил этиш, Индонезия давлати Пурнати театри билан ҳамкорликда “Имом Бухорий ва Сукарно” спектаклини саҳналаштириш режалаштирилган.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.